• Псевдоневрологик синдром нима Руҳий-асабий зўриқишлар ёки стресс натижасида ривожланган асаб касалликлари псевдоневрологик синдромлар
  • Бош нега оғрийди
  • Депрессияда ҳам бош оғрийдими
  • Бошим қандай оғришига ҳеч таъриф бера олмайман!
  • Бемор жуда инжиқ бўлиб қолади!
  • Бош фақат бир пайтда оғрийдими
  • Беморни яна нима безовта қилади Психоген бош оғриққа чалинган беморларнинг энг кўп шикоятларидан бири уйқунинг бузилишидир
  • Бош оғриқ сабаблари жуда кўпми
  • Бош нега айланади
  • Одам сиқилганда боши айланадми Баъзи одамларда руҳий жарохатлар ҳам бош айланишга сабабчи бўлади. Бундай бош айланишларга психоген бош айланиш
  • Бош айланганда хушдан кетишлар ҳам бўлиб турадими
  • Врач хатоси бош айланишга сабабчи бўладими Ятропатия нима Баъзан бош айланиши ятропатия асорати ҳам ҳисобланади Ятропатия
  • Психоген невралгиялар Психоген невралгия
  • Юз соҳасида нега оғриқлар кўп бўлади
  • Қовурғалараро оғриқлар қандай пайдо бўлади
  • Руҳий сиқилиш бел оғриққа сабабчи бўладими Руҳий сиқилишлар натижасида бел соҳасида кузатиладиган оғриқларга психоген бел оғриқлар
  • Ташхис қўйиш нега қийин



  • страница1/3
    Дата14.01.2018
    Размер0.57 Mb.

    Психосоматик синдромлар


      1   2   3


    Психосоматик синдромлар
    Эпиграф: Менинг иштаҳам йўқолиб озиб бошладим. Овқат есам қорним оғрийдиган бўлиб қолди, овқатим яхши сингмасди ҳам. Докторга бордим. У менга иштаҳани очадиган ва овқатни ҳазм қилдирадиган дорилардан ёзиб берди. Уларни 20 кун ичдим, бироқ фойда қилмади. Ҳолим қочиб юрагим тезтез урадиган, жахлдор бўлиб қолдим. Қорним оғрийверди. Шланга ютқизиб қорнимни текшириб кўришди. Гастрит деб ташхис қўйишди. Жигарни ултратовуш усули билан текшириб ўт йўллари қийшайган, жигар бироз катталашган дейишди. Ўт яхши томмагани сабабли овқатингиз хазм бўлмаяпди, деб хулоса беришди. Буюрилган барча дориларни ўз вақтида истъемол қилдим. Бироқ фойда қилмади. Қон босимим ўйнайдиган, юрагим тезтез урадиган, қўлларим титрайдигна бўлиб қолди. Мени кардиолог ва эндокринологга юборишди. Кардиолог “Нейроциркулятор дистония” деб ташхис қўйди, эндокринолог: “Бўқоқ” деб ташхис қўйди. Уларнинг тавсиялари бўйича ҳам дориларни қабул қилдим. “Тузалмаяпман-ку” деб мени даволаётган докторлар олдига борсам, “Сенда ҳеч қанақа касаллик йўқ, сенинг асабингни даволаш керак, невропатологга бор” деб айтишди. Хатто ёнидаги доктор “Бу наркоман бўлса керак, ранги-рўйини қара худди наркоманга ўхшайди” деди. Невропатолог “Невроз” деб ташхис қўйди ва тинчлантирувчи дорилар буюрди. Бироз яхши бўлиб юрдим, бироқ тўла тузалиб кетмадим. Хатто психоневрологик диспансерда ҳам даволандим. Таниш-билишлар “Сенинг касалинг табиблик, табибда даволан” деб айтишди. Турли хил гиёҳлар билан табибда даволандим, барибир фойда қилмади. Менга қўйилган ташхислар сони 10 дан ошиб кетди. Ҳаммаси бўлиб 3 йил даволандим. Уйимда тинчим йўқолиб, яқинларим билан уришадиган бўлиб қолдим. Баттар озиб кетдим”

    Ушбу шикоятлар билан бизга мурожат қилган беморнинг ташхиси: “Психосоматик касаллик” эди. Хўш психосоматик касаллик ёки синдромлар деганда нимани тушунамиз. Шу ҳақда маълумот бериб ўтамиз.
    Агар психоген бузилишлар фақат асаб системасининг функционал бузилишлари билан намоён бўлса, бундай ҳолатларга псевдоневрологик синдром деб айтилади. Агар психоген бузилишлар ички аъзолар фаолияти бузилиши билан намоён бўлса, бундай ҳолатлар психосоматик синдромлар деб айтилади. Аввал псевдоневрологик синдромлар, сўнгра психосоматик синдромлар билан танишиб чиқамиз.


    Псевдоневрологик синдром нима?
    Руҳий-асабий зўриқишлар ёки стресс натижасида ривожланган асаб касалликлари псевдоневрологик синдромлар деб аталади. Псевдоневрологик синдромларнинг бошқа асаб касалликларидан фарқи шундаки, уларда органик бузилишлар бўлмайди, яъни асаб тўқималари шикастланмайди, асаб системасинингг функцияси бузилади, холос. Бу ерда тиббий амалиётда энг кўп учрайдиган псевдоневрологик синдромлар ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
    Бош нега оғрийди?
    Бош оғриғи беморларнинг энг кўп тарқалган шикоятларидан бири бўлиб, аксарият ҳолларда, унинг сабабини аниқлаш жуда қийин бўлади. Албатта, бош оғриғининг сабаби оддий руҳий ва жисмоний чарчашдан тортиб, то бош мия ўсмасигача бўлиши мумкин. Шунинг учун доимо бу муаммога жиддий эътибор билан қаралган. «Бош оғриғи муаммолари» бўйича ўтказиладиган ҳалқаро конференцияларда қайд қилинишича, ривожланган давлатларда бош оғриғи «соғлом» кишиларнинг 80 фоизида учрайди. Олимларнинг таъкидланишича, бош оғриқларни келтириб чиқарувчи касалликлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда ва уларнинг ичида етакчи ўринларни депрессия ва неврозлар эгаллайди. Психоген бош оғриқларлар аёлларда кўп учрайди.
    Психоген бош оғриғи нима?
    Психоген бош оғриқ деганда руҳий сиқилишлар орқали ривожланган бош оғриқларга айтилади. Агар руҳий сиқилишлар ҳар доим бўлаверса, бош ҳам ҳар доим оғрийверади. Одатда бундай беморлар адашиб “Бош миянинг ички босими ошибди” деб даволаниб юришади. Психоген бош оғриқлар ҳақида сўз кетганда, авваламбор уларнинг хусусиятига эътибор қаратиш лозим. Бош оғриғи калланинг бир ярмида ёки иккала томонида ҳам жойлашиб, доимий ёки вақти-вақти билан бўладиган, хуружсимон, сиқиб оғрийдиган, эрталаб ёки кечга яқин кучаядиган бўлиши мумкин. Психоген хусусиятга эга бўлган бош оғриқлар учун хос белги, бу уларнинг руҳий сиқилишдан, ақлий зўриқишдан ва жисмоний чарчашдан сўнг пайдо бўлишидир. Дастлаб бош оғриғи руҳий зўриқишларда пайдо бўладиган бўлса, кейинчалик депрессия ёки неврозга чалинган бемор учун оддий ишга бориб келиш ёки автобусда юришнинг ўзи ҳам кифоядир. Психоген бош оғриқнинг 80 фоизи руҳий зўриқишда пайдо бўлиб, шундан 60 фоизи кундузи ёки пешинда, 20 фоизи эрталаб намоён бўлади.
    Депрессияда ҳам бош оғрийдими?
    Айтиб ўтганимиздек, депрессив синдромларда бош оғриғи кўп кузатилади. Ниқобланган депрессияда бош оғриғи асосий симптомлардан биридир. Бу беморларда бошда ҳар хил жойлашган ва ҳар хил кучга эга бўлган бош оғриғи ойлаб, йиллаб давом этади. Асабнинг озгина бўлса-да бузилиши, тўйиб овқат ейиш, боласини эмизиш, дўконга бориб келиш, юқори қаватли уйнинг зинапоясидан чиқиш, ҳаттоки кино ва концертларга бориб келиш беморда бош оғриғининг бошланиб кетишига туртки бўлади. Бунинг натижасида истерик ва ипохондрик белгилар пайдо бўладики, улар фақат бемор аҳволини оғирлаштиради. Руҳий бузилишлар билан кечадиган бош оғриқлар доимий ва зўрайиб борувчи тус олиб, баъзи ҳолатларда бош мияда киста ёки ўсма жараёни бор-йўқлигини аниқлашга мажбур қилади. Негаки, бу беморларда бош оғриғидан ташқари, кўнгил айниш, қайт қилиш, бош айланиши, юрганда чайқалиб кетиш, кўришнинг бузилишлари, қўл ва оёқларнинг увишишлари ҳам тез-тез намоён бўлиб туради. Оғриқ қолдирувчи дорилар ёрдам бермайди. Психоген бош оғриғи бор беморларнинг шикоятига эътибор билан қаралса, бош миянинг органик касалликларида (масалан, ўсмаларда) келиб чиқадиган бош оғриқдан фарқ қилувчи томонлари кўпдир.
    Бошим қандай оғришига ҳеч таъриф бера олмайман!
    Психоген бош оғриқларда бемор бош оғриғига аниқ бир таъриф бера олмайди: «Нима десам экан, баъзан бошимнинг ичи гўёки сувга тўлгандек оғир бўлса, гоҳо бўм-бўш бўлиб қолади, баъзи пайтларда иккала чаккам худди резина билан қаттиқ боғлаб қўйгандек сиқиб оғрийди. Гоҳида эса энсам шундай оғрийдики, бошимни қимирлата олмайман, чунки қимирлатсам, миям лўқиллаб отилиб чиқай дейди». Беморни тинглаётганда шуни эътиборга олиш керакки, уларнинг кўпчилиги айнан бош оғриғидан эмас, миянинг ичи оғриётганидан шикоят қилишади. Бош миянинг органик касалликларида бош оғриқ, кўпинча, аниқ жойлашган бўлиб, одатда турғун бўлади. Психоген бош оғриқларда беморлар ёздан кўра қишни ёқтиришади, негаки улар иссиқни кўтара олмайдилар. Шунинг учун ҳам ёз ойларида бош оғришига шикоят қилиб врачга мурожаат қилувчи неврастеник беморлар сони кўпаяди.
    Бемор жуда инжиқ бўлиб қолади!
    Доимий психоген бош оғриқлар билан касалланган беморлар жуда инжиқ бўлиб қолишади, ёруғликни, шовқинни, атрофида одамлар кўп бўлишини ёқтиришмайди. Уларнинг териси ҳам жуда сезгир бўлади. Баъзан терига тошмалар тошиб, қичишиб юради. Ёши катталарда бош оғриқ диққат ва хотиранинг бузилиши билан кечади, улар паришонхотир бўлиб қолади. Паришонхотирлик ёшларда ҳам кузатилади. Бундай беморлар фикрини бир жойга жамлай олмайдилар.
    Бош фақат бир пайтда оғрийдими?
    Бошнинг фақат уйда ёки ишхонада, куннинг аниқ белгиланган вақтида оғриши аксарият психоген бош оғриқлар учун жуда хосдир. Бош оғриғининг доимо кеч соат олтида бошланишидан шикоят қилиб В. исмли аёл қабулимизда бўлди. Ёши 43 да. Оилали. У тиббий-психологик диспансерда психоневролог назоратида даволаниб келган. Поликлиникада невропатолог назоратида «Мия ичи гипертензияси» ташхиси билан даволаниб юрган. Бош оғриғи бошлаганига 3 йил бўлган. Беморнинг бош оғриғи баъзан кучайиб кетиб, фақат баралгин таблеткасини ичгандан сўнг қоларди. Кейинчалик врач тавсиясига мувофиқ бемор бош оғриганда, баралгинни томирига ола бошлайди. Кечқурун соат олтида бош оғриғи барибир бошланишига ўрганиб қолган бемор қўшни ҳамширани чақириб баралгинни шприцга тортиб тайёрлаб қўядиган бўлади. Бу ҳолат, гоҳида узилишлар билан, бир ой давом этади. Ҳамшира бу уколни ҳадеб олавермаслик кераклигини, бунинг оқибатида юракда оғир асорат қолиши мумкинлигини айтади ва яна бир бор врач билан маслаҳатлашиш зарурлигини тавсия қилади.

    Беморнинг касаллик тарихини тўла ўрганиб чиқдик. Олинган маълумотлардан қисқача эпизодлар келтириб ўтамиз: жуда ишонувчан ва сал нарсага ортиқча таъсирланувчан аёл. Ўта паришонхотир. Оилада тез-тез жанжалли воқеалар бўлиб турган, бош оғриғи навбатдаги кучли стрессдан сўнг пайдо бўлган. Эртаси куни поликлиникага невропатолог қабулига чиққан. Врач уни текшириб «Бош мия ички босими ошиб кетибди, тез даволанмасангиз оқибати ёмон бўлади» деган. Бемор қўрқиб кетган, чунки беморнинг ўзидан катта акаси 6 ой олдин кучли стрессдан сўнг қон босими ошиб, эртаси куни геморрагик инсултдан ўлган. Бемор зарур дори-дармонларни топиб «Мия ичи гипертензиясидан» даволана бошлайди. Бемор ҳар гал мия ичи босимини текширтирганда унга «Миянинг ички босими ошган» деб хулоса берилади. Бу хулосага ишонган бемор бошқа жойда текширилмайди ва поликлиникада даволаниб юради. Эслатиб ўтганимиздек, беморнинг бош оғриғи аниқ бир вақтда, яъни кеч соат олтида пайдо бўладиган бўлиб қолади. У депрессияга тушади, хулқ-атвори ўзгариб бошлайди.

    Беморнинг неврологик текширув ўтказилганда, мия ичи гипертензияси белгилари аниқланмади, буни қўшимча текширишлар ҳам тасдиқламади. Беморнинг анкетасидаги невропатологнинг ёзувларида ҳам мия ичи босимини кўрсатувчи неврологик симптомлар йўқ эди. Анкетадаги барча эхоэнцефалоскопик текширув хулосаларида 3-қоринча кенглиги 7 мм деб қайд қилинган. Бу эса нормадан сал фарқ қилувчи кўрсаткич бўлиб, кучли ифодаланган бош оғриқларга сабабчи бўла олмайди. Демак, бемор етарли даражада текширилмаган ёки ҳақиқатан ҳам унда мия ичи гипертензияси бўлмаган. Бемор терапевтлар кўригидан ўтказилганда, ички аъзолар касаллиги аниқланмади. Беморнинг артериал қон босими 120/70 мм.сим.уст. Шундай қилиб, текширувлар натижаси бош оғриқнинг психоген хусусиятга эга эканлигини кўрсатди.

    Биз ушбу бемор мисолида бош оғриғининг кучли стрессдан сўнг пайдо бўлганлигини, унинг аниқ бир соатларда кузатилишини ва аниқ бир дорига бўлган психологик боғланишнинг гувоҳи бўлдик. Бу ерда бош оғриғи ятропатия (врачнинг нотўғри хулосаси сабабли) нинг яққол бир кўриниши эди холос. Бундай беморларни даволаш анча мураккаб кечади, яъни бош оғриғи қайта-қайта пайдо бўлаверади. Масалан, бемор врачда даволаниб юрган пайтлари боши оғримайди (чунки врач доимо ёнида, хавотирга ўрин йўқ), даволаш тугаб бемор уйига жўнатилгандан сўнг яна бош оғрийверади (чунки энди врач йўқ, хавотир ва касаллик белгилари яна пайдо бўлади). Тиббий амалиётда, айниқса неврологияда бундай ҳолат кўп кузатилади, фикримизча бундай ҳолатни «Врач йўқлиги синдроми» деб атаса мақсадга мувофиқ бўлур эди. Бу синдромнинг клиник-психологик манзарасини чуқурроқ ўрганиб, унга юридик статус бериш жоиз, чунки мукаммал даволаш чораларини ўтгандан сўнг ҳам даволаш муолажаларидан норози бўлиб юрувчи беморлар сони оз эмас. Бу ҳолат айниқса неврозда кўп учрайди.

    Психоген бош оғриқларнинг камайишига ёки йўқолишига ижобий таъсир кўрсатувчи омиллар анчадир. Масалан, яшаш жойини ўзгартириш, сув ҳавзаларида чўмилиб туриш, сайрга чиқиш, ўзига ёққан кийим-кечакни харид қилиш ва ҳоказо.
    Беморни яна нима безовта қилади?
    Психоген бош оғриққа чалинган беморларнинг энг кўп шикоятларидан бири уйқунинг бузилишидир. Бемор ухлагани кирганда миясига турли хил фикрлар ёғилиб келаверади, бу фикрлардан ҳеч қутула олмайди, улардан мияси «ёрилиб» кетадиган даражагача боради, мабодо ухлаган тақдирда ҳам тушлар кўравериб баттар қийналади.
    Бош оғриқ сабаблари жуда кўпми?
    Аксарият ҳолларда психоген бош оғриқларни бошқа бош оғриқлардан фарқлаш қийин бўлади. Инсульт, менингит, арахноидит, ўсма касалликлари, мия қон томирлари аневризмалари, мия ичи гипертензияси билан кечувчи касалликлар, мигрен, уч шохли нерв невралгияси, бўйин остеохондрози каби касалликлар психоген бош оғриғига ўхшаб кечади. Бу касалликларнинг нақадар турли-туманлиги ва мураккаблиги тиббий психологдан неврология фанини мукаммал билиш ёки бўлмаса беморни, албатта, невропатолог кўригидан ўтказиш зарурлигини талаб қилади.
    Бош нега айланади?
    Бош айланиши тиббий амалиётда энг кўп учрайдиган симптомлардан биридир. Асабнинг зўриқиши билан кечувчи касалликлар, Менъер касаллиги, бош мия қон томир касалликлари, вегетатив-томир дистониялари, артериал қон босимнинг ошиб ёки тушиб кетиши, сурункали кечувчи кам қонлик (анемиялар), юрак касалликлари бош айланишининг асосий сабаблари ҳисобланади. Бош айланиши камдан-кам ҳолларда алоҳида учрайди. Аксарият ҳолларда юрак уриб кетиши, ҳолсизланиш, совуқ терга ботиш, қулоқда шовқин пайдо бўлиши, кўнгил айниши, оёқларнинг титраши бош айланиши билан бирга кузатилади. Одатда, бу белгилар руҳий зўриқишдан сўнг кучаяди. Бу беморлар баландликдан қўрқишади, шунинг учун ҳам улар балкондан, баланд кўприкдан ёки томдан пастга қарамасликка ҳаракат қиладилар, чунки бундай пайтда бош айланиши кучаяди.
    Одам сиқилганда боши айланадми?
    Баъзи одамларда руҳий жарохатлар ҳам бош айланишга сабабчи бўлади. Бундай бош айланишларга психоген бош айланиш деб ай тилади. Психоген бош айланишларга хос яна бир белги унинг вазиятни оз бўлса-да ўзгартирганда кучайишидир. Масалан, баланд қаватли бинода яшайдиган битта бемор, ундан бир қават тепада яшайдиган қўшнисиникига чиқиб, балкондан пастга қараганда боши айланиб, гандираклаб кетган, кўнгли айниган, коридорга кирганда эса камайган ва бир оздан сўнг тўхтаган. Шуниси эътиборлики, психоген бош айланишда беморлар лифтдан кўра зинапоядан кўтарилишни афзал кўришади. Аксарият психоген бош айланишлар қўрқув билан кечади. Бунинг акси ўлароқ, бўйин томирлари орқали борувчи томирлар сиқилишида бош айланиши қўрқувсиз учрайди ёки қўрқув бош айлангандан сўнг кузатилади.

    Беморларда фақат баландликдан қараганда эмас, балки автомобиллар қатнови тез бўлган катта йўлга қараганларида ҳам бош айланиши пайдо бўлади ёки кучаяди. Улар бундай пайтлари катта тезликда ўтаётган автомобилларга қарамасликка ҳаракат қилишади ёки оёқларининг остига қараб қадамларини назорат қилиб юришади. Ана шунда уларда бош айланиши камаяди. Катта залларда олиб бориладиган мажлислар ёки узоқ давом этувчи дарсларда ҳам беморларда бош айланиши авж олади. Талабаларда имтиҳонларга берилиб тайёргарлик кўриш, илмий ходимлар ва ёзувчиларнинг тинмай асарлар ёзиши ёки ҳар қандай соғлом одамда кузатилиши мумкин бўлган ортиқча ақлий зўриқишлар ҳам бош айланишига сабабчи бўлади. Лекин астенияга (кучли даражада руҳий- асабий чарчаш) учраган беморларда ортиқча жисмоний ҳаракатлар ҳам, ҳиссий зўриқиш ҳам бош айланишини осонгина келтириб чиқариши мумкин.


    Бош айланганда хушдан кетишлар ҳам бўлиб турадими?
    Бош айланиши, аксарият ҳолларда, қисқа вақтга ҳушдан кетиш (синкопе) билан кечади. Бунинг асосида қулоқ вестибуляр аппаратининг кучли даражада қўзғалувчанлиги ётади. Тез-тез ҳушдан кетиб турадиган беморларнинг бош мия қон томирлари текширилганда, уларда томирлар тонусининг ўта даражада пасайганлиги (гипотонус) ёки ўзгарувчанлиги (дистония) аниқланади. Синкопе ҳолатлари чуқур-чуқур нафас олганда, артериал қон босими пасайганда ва юрак касалликларида ҳам юз беради. Узоқ пайт ётиб қолган бемор горизонтал ҳолатдан вертикал ҳолатга ўтса, бош айланиши ортостатик коллапс билан бирга юз беради, яъни қон босим бирдан тушиб кетади. Бу ҳолат, айниқса артериал гипотензияда яққол ифодаланган бўлади. Баъзан юқори даражада ривожланган неврастениялар ёки психастенияларда бемор ҳушдан кетиб қолиши учун битта қўрқувнинг ўзи кифоя. Бемор бир марта ҳушидан кетса (айниқса, одамлар орасида), у доим навбатдаги хуружни кутиб безовта бўлиб юради. Невролог олимлардан бири Оппенгейм (1894) «Ҳар бир киши ўзида бош айланишини юзага келтириши мумкин, агарда у мувозанат ва бош айланиши ҳақида ўйлайверса», деган эди.
    Врач хатоси бош айланишга сабабчи бўладими? Ятропатия нима?
    Баъзан бош айланиши ятропатия асорати ҳам ҳисобланади Ятропатия дегани, тиббиёт ходимининг нотўғри хатти-харакати ёки бехосдан айтиб қўйган сўзи оқибатида беморда юзага келадиган турли касаллик оқибатлари. Шунинг учун ҳам бемордаги симптомларни, агар улар психоген хусусиятга эга бўлса, жуда хавфли деявериш керак эмас. Шахсий кузатувимиздан бир мисол келтирамиз. Узоқ йиллардан буён қулоқ, бурун ва томоқ касалликлари поликлиникасида ҳамшира бўлиб ишлайдиган ва тез-тез асабийлашадиган аёлда қаттиқ ҳиссий зўриқишдан сўнг бош айланиши аломатлари пайдо бўлади. У шу даража кучли бўладики, ҳатто тик туриши учун бир қўлидан бўйи етган қизи, иккинчисидан эса турмуш ўртоғи ушлаб турган. Бу беморга ўзи ишлайдиган поликлиникада «Менъер касаллиги» деб ташхис қўйилади. Ташхис бир неча бор ўзгартирилади. Бундай касаллиги бор беморларни бир неча марта ўзи ҳам кўрган ва анкеталар очган ҳамширада бу касалликнинг яққол белгилари намоён бўла бошлайди. У бошқа мутахассисларга (невропатологга) кўринмасдан, уч йил мобайнида ЛОР врачларида даволаниб юради. Бош айланиши хуружлари тез-тез кузатилиб турадиган бу бемор бориб-бориб жуда жаҳлдор, арзимаган нарсага йиғлайверадиган ва депрессия ҳолатига тез тушадиган бўлиб қолади. Бемор миясига «Менъер касаллиги»ни шу даражада сингдириб олгандики, ҳар бир руҳий сиқилишдан сўнг, унда худди Менъер касаллигига ўхшаш белгилар пайдо бўлаверган. Психотерапевтик муолажалар етарлича ўтказилмаганлиги учун даволаниш жараёни жуда чўзилган. Бир сўз билан айтганда, беморда ятропатия ривожланган эди.

    Навбатдаги хуруждан сўнг беморга невропатологга кўриниш тавсия қилинади ва бизга юборилади. Унинг касаллик ва ҳаёт анамнези билан танишиб чиқиб, унда неврологик ва психологик текширувлар ўтказдик ва яна бир бор ЛОР врачлари билан маслаҳатлашиб, «Менъер касаллиги» ни инкор қилдик. Барча текширувлардан сўнг беморга «Менъер синдроми кўринишидаги ниқобланган депрессия» ташхиси қўйилди, яъни ҳақиқий «Менъер касаллиги» инкор қилинди. Беморнинг ҳамширалиги эътиборга олиниб, унга бу атамалар фарқи тушунтирилди. Буларнинг ҳаммаси ҳамширага катта ижобий таъсир кўрсатди ва у энди даволаш муолажаларига катта ишонч билан қарай бошлади. Ўтказилган махсус даволаш муолажаларидан сўнг бемор тузалиб кетди.

    Аксарият ҳолларда бош айланиши беморнинг танасида турли ёқимсиз сезгилар билан намоён бўлади. Бунда танада сира кетмайдиган турли хил увишишлар, оғриқлар, қўл ва оёқларнинг карахт бўлиб қолиши кузатилади ва йилнинг турли фаслларида кучайиб ёки пасайиб туради. Касалликнинг бундай мавсумий кечиши албатта бирор бир жиддий асаб касаллигини излашга мажбур қилади. Бу ерда хатога йўл қўймаслик учун барча зарур текширувлар ўтказилиши керак, айниқса неврологик ва нейропсихологик текширувлар.


    Психоген невралгиялар
    Психоген невралгия – руҳий сиқилишлар натижасида тананинг турли жойларида пайдо бўладиган оғриқлар. Невралгия – бу нерв зарарланиши сабабли кузатиладиган оғриқ. Бироқ психоген невралгияда нерв зарарланмайди, балки у қўзғалади ёки зўриқади. Ҳар қандай асабий–руҳий зўриқишлар тананинг турли жойларида оғриқлар пайдо бўлишига туртки бўлади. Айниқса, юз соҳасида кузатиладиган оғриқлар беморларни жуда қийнаб қўяди. Бу оғриқлар кучи турли даражада, оддий ачишишдан тортиб кучли санчувчи оғриқлар кўринишида бўлади. Оғриқ иккала чакка, пешона, ияк соҳаларида кузатилиши мумкин. Агар оғриқлар тиш ва милклар соҳасида кузатилса – психоген стоматалгия, тилда кузатилса глоссалгия деб аталади. Бундай беморларда руҳий зўриқишлар кучайган ёки тезлашган сайин оғриқлар ҳам кучайиб боради.
    Юз соҳасида нега оғриқлар кўп бўлади?
    Юз соҳасидаги психоген оғриқлар учун уларнинг овқат еётган пайтда камайиши ёки йўқолиши хосдир. Уч шохли нерв невралгиясига ўхшаб кечувчи психоген оғриқларда, сезги бузилишлари нервланадиган соҳаларга мос келмайди ва ҳар куни бемор турли соҳадаги ёки турли даражадаги оғриқдан шикоят қилади. Невроген оғриқлардан фарқли ўлароқ, психоген оғриқларда аналгетиклар ёрдам бермайди. Тўғри олиб борилган психофармакотерапевтик муолажалар бемор аҳволини енгиллаштиради холос. Баъзан тузалиб кетган беморлар оғриқнинг кучайганидан шикоят қилиб, яна врачга мурожаат қилишади. Бунинг сабаби, кўпинча уйдаги ва ишдаги можаролардир. Бизнинг назоратимизда глоссалгия (тил соҳасидаги оғриқ) билан хасталанган битта аёл кузатилган. Бемор даволаш курсини олиб кетганидан сўнг бироз вақт ўтгач, оғриқнинг кучайганидан мурожаат қилиб яна келарди. Гап шундаки, беморнинг турмуш ўртоғи ароқхўр ва уйида тез-тез жанжал бўлиб туради. Бу беморда кучли даражада ифодаланган руҳий бузилишлар аниқланди. Чунки қўрқув ва депрессия психоген невралгияларнинг доимий ҳамроҳидир.
    Қовурғалараро оғриқлар қандай пайдо бўлади?
    Қовурғалар орасидан ўтувчи нервлар зарарланганда (шамоллаганда) кучли санчувчи оғриқлар пайдо бўлади. Баъзида бу оғриқлар беморга нафас олдиргани қўймайди. Бироқ доимо сиқилиб, руҳан эзилиб юрадиган одамларда ҳам бундай оғриқлар кузатилиб туради. Бундай оғриқларга психоген невралгия деб аталади. Шулардан бири – қовурғалараро невралгиядир. Психоген невралгиялар ичида қовурғалараро оғриқлар алоҳида эътиборни талаб қилади. Айниқса, юрак соҳасида жойлашган оғриқлар беморларни ўта безовта қилади. Ёш укаси автомобил ҳалокатидан ўлган беморнинг юрак соҳасида санчувчи оғриқ пайдо бўлади. Бемор кардиологга мурожаат қилади. У беморни яхшилаб текшириб, кардиограмма қилиб, юраги соғлом эканлигини, қаттиқ сиқилганидан шу оғриқ пайдо бўлганини, тинчлантирувчи дорилар ичиш кераклигини ва невропатологга мурожаат қилишини тавсия қилади. Невропатолог ҳам беморни обдан текшириб, тинчлантирувчи дорилар ёзиб беради ва психотерапевтик муолажалар ўтказади. Шунга қарамасдан, бемор икки ой ичида юрак соҳасидаги оғриқлардан қўрқиб 16 марта ЭКГ қилдирган ва 10 марта «Тез ёрдам» машинасини чақирган.

    Статистик маълумотларга кўра, кўкрак қафасининг ўнг томонида психоген оғриқлар жуда кам учрайди. Бунинг асл сабаби, юракнинг чап томонда жойлашганлигидир. Бу яна бир марта «қовурғалараро невралгия» ва «Стенокардия» ташхисларига эҳтиёткорлик билан ёндошиш кераклигини талаб қилади.


    Руҳий сиқилиш бел оғриққа сабабчи бўладими?
    Руҳий сиқилишлар натижасида бел соҳасида кузатиладиган оғриқларга психоген бел оғриқлар деб аталади. Кўпчилик буни билмаса керак. Хаттоки аксарият врачлар ҳам асабийлашган одамнинг фақат боши ёки юраги оғрийди, деб ўйлашади. Вахоланки одам асабийлашаверса унинг бели ҳам оғриши мумкин. Хатто XVIII асрдаёқ, «Орқа мия ипохондрияси» номи билан психоген хусусиятга эга бўлган белдаги оғриқлар ҳақида ёзиб қолдирилган. Биз буни ўз амалиётимизда ҳам кўп кузатганмиз. Демак, белдаги оғриқларнинг сабаби ҳар доим ҳам “белга туз йиғилиши” ёки диск чурраси сабабли пайдо бўлавермайди! Психоген бел оғриқлар жуда кенг тарқалган бўлишига қарамасдан, уларнинг аниқ сони ҳанузгача номаълум. Бунинг сабаби, «психоген радикулалгия» ташхиси врачлар томонидан деярли қўйилмаслигида ёки аниқланмаслигидадир. Психоген бел оғриқлар ҳам ниқобланган депрессиянинг клиник кўринишларидан биридир. Бу оғриқлар врачлар томонидан, кўпинча, «люмбаго», «люмбалгия», «люмбоишиалгия», «радикулит», «ишиас», «диск чурраси» каби ташхислар билан белгиланади.
    Ташхис қўйиш нега қийин?
    Психоген бел оғриғини ўз вақтида аниқлаш ва тўғри ташхис қўйиш қийин. Биз ўз кузатувларимиз ва бошқа мутахассислар кузатувлари асосида бунинг бир қанча сабабларини аниқлаб чиқдик.

    Биринчи сабаб: Оғриқ йўқолгандан сўнг (одатда 4-5 кундан сўнг) бемор врачга қатнамай қўяди.

    Иккинчи сабаб: Радикулитнинг ўткир даврида ҳамма вақт ҳам неврологик белгилар бўлавермайди.

    Учинчи сабаб: Бошқа психоген оғриқлардан фарқли ўлароқ, белдаги оғриқни ҳар қандай бемор «радикулит» деб қабул қилади ва бу касалликда қилинадиган чоралардан воқиф бўлади (ҳозир мен докторга борсам, новокаинли блокада қилади, белга иссиқ буюради, оғриқ қолдирувчи дори қилади). Албатта, ана шу ва шунга ўхшаш муолажалардан сўнг бемор тузалиб кетади. Бундай пайтларда радикулитнинг ҳақиқий ёки психоген хусусиятга эга эканлигини аниқлаш врач учун ҳам қийин бўлиб қолади. Чунки белида қаттиқ оғриқдан шикоят қилиб келган беморга ҳар қандай врач дарров ёрдам кўрсатишга ва уни оғриқдан тезроқ халос қилишга интилади. Буларнинг ҳаммаси оғриқ келиб чиқишининг асосий сабабини аниқлаш имконини пасайтиради.
      1   2   3

    Коьрта
    Контакты

        Главная страница


    Психосоматик синдромлар