• Психоген астма ёки нафас нега бўғилади Психоген астма
  • Психоген астма – ҳақиқий астмами
  • Неврастенияда ҳам нафас бўғиладими
  • Яна нимага эътибор қаратиш лозим
  • Психоген бўғилиш ва қуруқ йўтал
  • Ошқозон-ичак системасининг психоген бузилишлари
  • Психоген анорексия ёки иштаҳа нега йўқолади
  • Булимия – бу овқатни хаддан ташқари кўп ейиш
  • Кўнгил нега айнийди Ипохондрик неврозларда тез-тез учраб турадиган яна бир белги кўнгил айниши ва қусишдир.
  • Қабзият ёки ич нега қотади Психосоматик бузилишларнинг яна бир тури – бу қабзиятдир.
  • Ичакларни шлаклардан тозалаш керакми
  • Псевдоурологик синдромлар ёки буйракнинг психоген бузилишлари Псевдоурологик синдромлар
  • Тез -тез сийиш нега кузатилади
  • Болага ортиқча талаблар қўявериш ҳам яхши эмас
  • Энурез – сийиб қўйиш ёки сийдик ушлай олмаслик
  • Кўп сув ичиш ва кўп сийиш



  • страница3/3
    Дата14.01.2018
    Размер0.57 Mb.

    Психосоматик синдромлар


    1   2   3

    Беморни яхшилаб текширинг
    Бўғим соҳасидаги оғриқларга шикоят қиладиган беморларнинг психологик статусини яхшилаб текширмасдан, уларни кучли антибиотиклар, гормонлар, оғриқ қолдирувчи дорилар, физиотерапевтик муолажалар билан узоқ вақт муваффақиятсиз даволашлар поликлиника ва стационарларда учраб туради. Хўш, унда қандай қилиб беморда психоген артралгия борлигини аниқлаш мумкин? Гап шундаки, ҳозирги даврда психоген артралгия, кўпинча, тасодифан ёки «бодга» қарши дорилар фойда беравермаганидан сўнггина аниқланади. Бу даврда бемор деярли барча мутахассисларда бўлиб чиқади ва ниҳоят, унда психоген артралгия борлиги аниқланади. Шунинг учун ҳам Европа клиникаларида артралгия аниқланган беморлар албатта нейропсихологга кўрсатилади.
    Психоген астма ёки нафас нега бўғилади?

    Психоген астма – ўткир ёки доимий стрессдан кейин кузатиладиган нафас бўғилишидир. Психоген астма ўткир ва сурункали сиқилишлардан сўнг кузатиладиган хуружсимон кечувчи нафас бўғилиши ҳисобланади. Демак, нафас бўғилиши фақат астма касаллиги ёки бронхитларда кузатилмас экан. Ўткир стресс ва ҳиссий зўриқишлардан сўнг нафас етишмовчилиги, бўғилиш каби ҳолатлар неврозга чалинган беморларда кўп учрайди. Психоген бўғилиш учун ўта хос бўлган симптомлардан бири, нафас чиқаришдан кўра, нафас олишнинг қийинлигидир: улар «тўйиб нафас ололмасликларига, ҳаво ўпкасининг охиригача етиб бормаслигига» шикоят қилишади. Бу ҳолат кейинчалик сурункали тус олиши мумкин ва беморда худди астма касаллигига ўхшаш хуружлар кузатила бошлайди.
    Психоген астма – ҳақиқий астмами?
    Хўш, психоген астма ҳақиқий астмадан нимаси билан фарқ қилади? Психоген бўғилишлар томоқнинг қуриб қолиши, қичиши, кўкрак сиқиши, нафас етишмовчилиги каби турли хил белгилар билан кечади. Психоген бўғилишлар учун тик турганда бемалол нафас олиш, ётганда эса бўғилиш жуда хосдир. Шу нарсага эътибор бериш лозимки, бўғилиш чалқанчасига ётганда пайдо бўлади, чап ва ўнг томонга қараб ётганда кузатилмайди. Барча психоген бузилишлар сингари психоген бўғилишлар ҳам кўпинча, кечаси ва тунда кузатилади. Бизнинг назоратда турган бир бемор «тунда доимо бўғилиб уйғониб кетсам, чалқанча ётган бўламан, шунинг учун ухламоқчи бўлсам, ёнбошлаб, деворга суяниб ётиб оламан», деган эди.

    Худди асабий-ҳиссий бузилишларнинг бошқа симптомлари каби нафас олишнинг бузилишлари ҳам унга эътибор ортиқча қаратилганда кузатилади. Профессор маъруза ўқиётган пайтида талабаларга нафас олишини назорат қилиб туришларини буюрган. Икки-уч дақиқадан сўнг кимнинг нафас олиши қийинлашганини сўраса, талабаларнинг ярми қўлини кўтарган. Талабалар нисбатан соғлом гуруҳга киради, демак, беморларда бундан ҳам кўп кўрсаткич кузатилиши табиий ҳол, албатта. Чунончи, неврозга чалинган беморларнинг кўпчилиги ўзида кечаётган ҳолатларни доимо назорат қилиб боришади.



    Неврастенияда ҳам нафас бўғиладими?
    Невастенияга чалинган беморларнинг деярли ярми доимий ёки вқти-вақти билан бўладиган нафас етишмовчилигидан шикоят қилади. Шунинг учун ҳам мутахассислар ушбу бузилишларни неврастениянинг асосий белгиси деб ҳисоблашган. «Бўғилиб қолиш, нафас йўлларига бирор нарса тиқилиб қолгандек бўлиши, нафас олишнинг қийинлашиб бораётганлиги»дан шикоят қилиш, айниқса, ёш беморлар орасида кўп кузатилади. Мабодо бу белгилар хуружлар билан кузатилса, баъзи ҳолларда беморларга «бронхиал астма» ташхиси қўйилади.

    Қуйидаги воқеа бунга яққол мисол бўла олади. Бу воқеа 1994 йили рўй берган. Менга 20 яшар йигитни кўрсатишди. У аллергология бўлимида «Бронхиал астма» ташхиси билан даволаниб келарди. Бемор жуда озиб кетган, ҳар 30 дақиқада қўлидаги беротекни оғзига сепиб нафас олишини осонлаштирарди. Бўғилишнинг ҳар 30 дақиқада пайдо бўлиб туриши менинг эътиборимизни қаратди ва қўйилган ташхисга шубҳа уйғотди. Беморнинг касаллик тарихи билан биргаликда, унинг психологик статусини ҳам ўрганиб чиқдим. Бунинг натижасида бўғилиш хуружлари психоген хусусиятга эга эканлигини аниқладим. Бемор болалик давридан нимжон бўлиб ўсган, тез-тез касалланиб турган. Оилада бор-йўғи битта бола бўлганлиги учун ота-онаси боласининг ҳар бир хархашасига кўникиб, бажариб келишган. Боланинг ёшлигидан асаби бузилса, нафаси бўғилиб қоладиган бўлган. Бироқ, унинг тиббий-психологик статуси текширилмасдан, унга болалик давридан буён «астма» ташхисини қўйиб, даволаб келишган. Бориб-бориб, хуружларни оддий дорилар билан тўхтатиш қийинлашади ва беморга гормонал дорилар (беротек) тавсия қилинади. Лекин бу дорини ҳам бемор доимо ишлатмаган (баъзан ойлаб). Бемор яна бир бор тажрибали аллергологга кўрсатилади ва «бронхиал астма» ташхиси инкор қилинади.



    Беморнинг психологик статусини яхшилаб ўрганиб чиққанимдан сўнг психотерапияда кенг тарқалган «стресс терапия» усулини қўллашни маъқул топдим. Беморга «беротекка ўрганиб қолса, эркаклик функцияси сусайиши (бемор яқинда уйланиши керак эди) ва уйланган тақдирда ҳам бола бўлмаслиги мумкинлигини, шунинг учун ҳам бу дорини қандай бўлмасин бошқа дорига ўзгартириш зарурлигини» уқтирдим. Гап шундаки, беморга беротекни ёзган доктор «Мана шу дори сен учун асосий дори, бу астманинг ҳар қандай турида оғизга сепган заҳоти бўғилишни тўхтатади» деб айтган. Бу ерда шу нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, бўғилишни беротекнинг кучи эмас, балки доктор айтган сўзлар («сенга фақат шу дори ёрдам беради») тўхтатган. Ҳар 3 кунда ўтказиладиган махсус психотерапевтик муолажалар бор. Мен унга ушбу усулни бир ой мобайнида қўлладим. Бемор бир йиллардан буён азият чекаётган нафас бўғилишидан тузалиб кетди. Чунки унда бронхиал аста эмас, балки психоген астма эди.
    Яна нимага эътибор қаратиш лозим?
    Баъзан шундай ҳодисалар бўладики, беморда бўғилиш аниқ бир шароитларда юзага келади. Бундай пайтларда шароитни ўзгартириш бўғилишни камайтиради ёки бутунлай йўқотади. Мен ёзда Хоразмга борганимда ёш бир келинни маслаҳатга олиб келишади. Бемор турмушга чиққанидан сўнг уйида турмуш ўртоғи билан келишмай доимо жанжал чиқиб тураркан. Жанжал авжига чиққанда ёш эр-хотинлар бир-бирини бўғишгача боришаркан. Бориб-бориб, ёш келинда турмуш ўртоғи ишдан қайтганидан сўнг бўғилиш хуружлари пайдо бўладиган ва тинчлантирадиган дори ичмагунча ёки турмуш ўртоғи уйдан чиқиб кетмагунча бўғилиш давом этаверадиган бўлади. Бемор барча даволаш усулларидан фойдаланган ва ҳар қандай янги таклиф этилган усулдан бош тортар эди. Беморга онаси билан бир ойга дарё бўйига бориш, дориларни эса уйга ташлаб кетиш зарурлигини айтдим. Бу таклиф беморга маъқул тушди. Она ва қиз иккаласи дарё бўйидаги уйлардан бирида ижарада яшашди. Дарё бўйида беморда нафас олиши бутунлай тўхтайди. Орадан бир ҳафта ўтгач, “беморнинг” холидан хабар олгани дарё бўйига унинг эри билан бирга бордим. Беморда бўғилиш хуружи у дарё бўйига келган куниёқ тўхтаган экан. Эрини кўрсада ёш келинда ҳеч қанака бўғилиш хуружи кузатилмади. Беморнинг эрига хотинидан хабар олгани дарё бўйига келиб туришини тайинладим. Эр хотин эса дарё бўйида бир ой бирга яшашди. Мен Тошкентга қайтишимдан олдин иккаласи ҳам менга учрашиб “Ҳаммаси жуда яхши, энди биз аҳил яшаймиз” деб хурсанд бўлиб гапиришди.
    Гипнознинг кучи нимада?
    Психоген бўғилишларнинг яна бир хусусияти шундан иборатки, беморда доимо чайқалиш ҳисси бўлади: у худди ўзини транспортда, лифтда, самолётда кетаётгандек ҳис этади. Бундай беморлар метронинг эскалаторидан туша олмайдилар. Бизнинг назоратда турган бемор тунда ухлаб ётганида, тез-тез худди зилзила бўлгандек, сесканиб уйғониб кетишини айтган эди.

    Баъзан психоген бўғилишлар хуружи тўсатдан, қаттиқ қўрқувдан сўнг бошланади. Бу воқеа 1998 йиллари рўй берган. Мен ўша пайтлари гипнозга қизиқиб, уни ўрганиб юрардим. Бизнинг институтда ўқийдиган талабаларимиздан бири кечқурун деразага қараб ётиб, қоронғида ниманингдир аксини кўради ва қўрқиб кетади. У кўзини юмса, кўзига ҳар хил нарсалар кўрина бошлайди: қора калхатлар учиб юради, ҳаммаёқ қоронғи, атрофни фақат қўрқинчли нарсалар ўраб олган бўлади. Бунинг натижасида нафас ололмай қийналади, бўғилади. Менга бу беморни ушбу симптомлар бошланганидан икки кун ўтиб кўрсатишади. Кечаси соат ўнда мен декан муовини билан беморни кўргани талабалар ётқохонасига бордим. Унинг хонасига кирсам бемор чуқур депрессия ҳолатида бўлиб, бир хил оҳангда гапирарди, қаттиқ қўрққани кўзидан билиниб турарди. У воқеа худди тушида бўлаётгандек, мабодо ухлаб қолса, яна шунақа ёмон тушлар кўришдан қўрқишини айтди. Беморни транс ҳолатига туширдим ва қуйидаги сўзлар билан гипноз қилишга ўтдим: «Ҳозир сен ширин уйқуга кетасан, туш кўрасан, тушингда мовий денгизни кўрасан, денгизга чарақлаган қуёш нурлари сочилиб, унинг юзидаги томчилар марвариддек товланиб туради. Қирғоқ эса бир-биридан гўзал гулларга бурканган, гулларнинг устида ранг-баранг капалаклар учиб юради. Сен денгизда дугонанг билан чўмиласан, тўйгунингча сузасан, денгиздан ҳеч чиққинг келмайди, сузишдан чарчаганингдан сўнг қирғоққа чиқиб, гуллар устида ётиб дам оласан. Атроф гўзал, бирорта қора нарса йўқ. Эрталаб енгил бўлиб, хурсанд бўлиб уйғонасан ва тушингда нималар кўрганингни менга айтиб берасан».



    Эртаси куни эрталаб беморнинг олдига ётоқхонага бордим. Бемор уйғонган ва ўзини яхши ҳис қиларди, лекин уйқусираётгани кўзидан сезилиб турарди. Биз айтган вазият беморнинг тушида тўлалигича намоён бўлганди ва бу унга катта ҳузур бағишлаганини айтиб берди. У ҳатто тушидаги вазиятнинг кичик деталларигача бизга айтиб берди, ўзини жуда ҳам енгил ҳис қилаётганини ва яна ухлаб, худди шу тарздаги тушни кўришни хоҳлаётганлигини айтди.

    Бу услубни машҳур немис гипнозчиси Н. Лефенвелд «Тетиклик ҳолатидаги гипноз» деб атаган. Мен бу беморни даволашда олимнинг ушбу усулидан фойдаландим. Хонада беморнинг ўзидан ташқари отаси ва талабалар ҳам бўлишига қарамасдан уни транс ҳолатига тушириш жуда осон кечди. Ҳаттоки, унинг қандай туш кўриши ҳақидаги сўзлар бир марта айтилди, холос. Маълумки, чуқур депрессия пайтида транс ва гипнозга тушириш осон кечади.


    Психоген бўғилиш ва қуруқ йўтал
    Психоген бўғилишлар, кўпинча, қуруқ йўтал билан кечади. «Йўтал шу даража узоқ давом этадики, — деб ёзган эди Шарко (1888). Бемор кун бўйи тинмайди, фақат овқат еб олиш учунгина йўталмай туради, холос». Психоген йўтал қуруқ бўлади ва балғам ажралиб чиқмайди. Бундай пайтларда беморнинг овози хириллаб қолади, гапира олмайди. Бироз суҳбатдан сўнг унинг овози яна очилиб, аста-секин қандай касал бўлганларини сўзлай бошлайди.

    Психоген бўғилиш, одатда артериал босимнинг пасайиши, бош айланиш, юрганда чайқалиб кетиш, қўлларнинг титраши, уйқунинг бузилиши ва умумий ҳолсизлик билан бирга кечади. Улар доимо тез-тез грипп бўлиб туришдан (ҳатто ёзда ҳам) ва бунинг оқибатида «бронхит» бўлиб қолганларидан шикоят қилишни яхши кўришади. Ҳақиқатан ҳам сўнгги пайтларда амбулатория ва поликлиникалардаги беморларнинг анкетасини варақлаганда, «сурункали бронхит» ташхисини тез-тез учратиш мумкин. Бу беморлар аксариятининг тиббий-психологик статуси текширилганда, ниқобланган депрессия аниқланади, холос.


    Ошқозон-ичак системасининг психоген бузилишлари
    Руҳий сиқилишларда ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши, яъни кўнгил айниш, қайт қилиш, ич кетиш, қоринда оғриқлар Гиппократ давридан буён маълум. Танада кечадиган ҳар қандай жараён мия иштирокисиз бўлмаслиги Гиппократ, Гален, Ибн Сино ва Декарт асарларида қайд қилинган. Гален ва Ибн Сино «қора ўтнинг» ўт пуфагида кўпайиб кетиши ипохондрияга олиб келишини айтиб ўтишган. Ибн Сино «Тиб қонунлари» асарида ошқозон-ичак соҳасида асаб бузилишлари сабабли учрайдиган турли белгилар ва уларни даволаш усуллари ҳақида ёзиб қолдирган.

    Ҳозирги даврда ўткир ва сурункали стресслардан сўнг ривожланадиган ошқозон-ичак соҳасидаги бузилишларга таъриф бериш учун турли атамалар таклиф қилинган. Лекин шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, агар юрак ва нафас олиш системаларининг психоген бузилишларида беморлар нисбатан невропатологга кўпроқ мурожаат қилишса, ошқозон-ичак касалликлари тўғрисида бундай хулоса қилиш қийин. Негаки, аксарият беморлар (ҳатто докторлар ҳам) ошқозон-ичак системасининг фаолияти бузилганда невропатолог ёки психотерапевтга мурожаат қилишмайди. Буни тушуниш мумкин албатта, чунки одамларнинг тасаввурида «ошқозон миядан узоқда жойлашган ва уларнинг бир-бирига алоқаси йўқ». Ўтган асрнинг бошларида машҳур невролог олимлардан бири (Shtrumpel А., 1902) ошқозон-ичак касалликларининг деярли 70 фоизи ҳиссий зўриқишлар оқибатида келиб чиқади, деган эди. Ўша давр неврологлари овқат ҳазм қилишнинг функционал бузилишлари, абдоминалгиялар, умумий ҳолсизлик, иштаҳанинг пасайиши каби симптомлар, худди бош оғриғи ва бош айланиши симтомлари каби неврастениянинг асосий симптомлари деб ҳисоблашган.

    Ўткир ёки доимий руҳий жароҳатлар, жинсий муаммолар, қаттиқ қўрқув каби омиллар ошқозон-ичак фаолияти бузилишларига олиб келади. Бу тоифа одамларда руҳий сиқилишлар пайтида албатта ошқозон-ичак фаолияти бузилади, бироқ бош оғриғи, бош айланиши, нафас етишмовчилиги каби симптомлар кузатилмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам ипохондрияда ўт йўллари дискинезияси, доимий анорексия (улар овқатни қорин очганда эмас, соатга қараб ейишади), қабзият ёки диарея кўп учрайди. Бу симптомлар беморнинг кайфиятига қараб, гоҳ кучайиб, гоҳ пасайиб туради. Айнан ана шу беморлар терапевтик муолажалар узоқ вақт ёрдам бермаганлигидан табибларга мурожаат қилишади.
    Психоген анорексия ёки иштаҳа нега йўқолади?
    Психоген анорексия руҳий сиқилишлар натижасида иштаҳанинг йўқолиши дегани. Психоген анорексия атамаси 1868 йили W. Gull томонидан таклиф қилинган. Иштаҳанинг кайфиятга ғоят боғлиқлиги шубҳасиздир. «Кеча овқатни иштаҳа билан тановвул қилувдим», «Бугун кайфиятим бузилди, ҳеч нарса егим келмаяпти» каби ибораларни тез-тез эшитиб турамиз. Статистик маълумотларга кўра, невроз ёки психозга чалинган беморларнинг 40 фоизида анорексия кузатилади. Иштаҳанинг пасайиши беморларда таъм ва ҳид билишнинг бузилиши билан кечади («Бу овқатнинг умуман мазасини сезмаяпман, ҳиди ҳам ёмон»). Агар бемор ўзига ёқмаган овқатни эса (у сифатли бўлишидан қатий назар), кўнгли айниб, қусади, ҳаттоки ичи кетади. Мабодо ич кетиши тўхтамаса ва беморга «овқатдан заҳарланиш» ёки «дизентерия» ташхиси қўйилса, унда юқорида қайд қилинган белгилар узоқ вақт давом этади.
    Булимия – бу овқатни хаддан ташқари кўп ейиш
    Баъзан беморларда иштаҳанинг кучайиб кетиши (булимия) кузатилади. Депрессияга учраган беморлар баъзан шу даражада овқатни кўп тановвул қилишадики, улар шунда ҳам тўйишмайди. Бир ўтиришда бир буханка нон, бир лаган ош ва уч чойнак чой ичиб тўймаган беморнинг гувоҳи бўлганмиз. У «Ошқозоним чўзилиб кетган бўлса керак» деб, терапевт ва жарроҳларга маслаҳатга боради, турли хил текширишлардан ўтади. Беморда оғир касалликлар аниқланмайди ва у психоневрологга маслаҳатга юборилади.

    Неврозга чалинган беморларнинг аксарияти ширинликка (айниқса шоколадга, чунки унинг таркибида асабни тетиклаштирувчи моддалар кўп бўлади), музқаймоққа ва ширин таъмли ичимликлар (фанта ва спрайт)га ўч бўлишади. Таркибида углеводи бор озиқ-овқатлар очликни тез қондиради, шунинг учун ҳам баъзи беморлар (соғ одамлар ҳам), одатда овқатлангандан сўнг ширинлик истеъмол қилишади. Вақтида тартиб билан овқатланиш нафақат ошқозон-ичак касалликларининг, балки асаб бузилишларининг ҳам олдини олади.



    Кўнгил нега айнийди?
    Ипохондрик неврозларда тез-тез учраб турадиган яна бир белги кўнгил айниши ва қусишдир. Ҳиссий қўзғалувчан беморларда бу симптомларни келтириб чиқариш жуда осондир. Жуда кўп ҳолларда кўнгил айниш, қусиш ва жиғилдон қайнаши биргаликда учрайди. Атрофдаги ҳамма нарсалар: озиқ-овқатлар, ифлос кийим кийган одамлар, чанг ва ифлос кўчалар ҳам бундай беморларда кўнгил айниш ва қусишга сабабчи бўлади. Бундай беморларни кўпчилик «инжиқ» одам деб ҳам аташади. Ҳозирги гиподинамия (кам ҳаракат) ва ҳиссий зўриқиш асрида беморларда бу шикоятларнинг кўпайганлиги «ялқов ошқозон синдроми» атамасини таклиф қилишгача олиб келди ва телевиденияда бунга қарши дорилар ҳам реклама қилина бошланди. Психоген кўнгил айниш овқат билан боғлиқ бўлмаслиги, қусгандан сўнг қолмаслиги, оғизда доимо аччиқ таъм бўлиши ва еган овқатнинг ошқозонга тушмай томоғида тиқилиб туриши билан тавсифланади. Парҳез, одатда, ёрдам бермайди.
    Қабзият ёки ич нега қотади?
    Психосоматик бузилишларнинг яна бир тури – бу қабзиятдир. Мутахассисларнинг фикрича, қабзиятдан шикоят қилувчи беморларнинг деярли ярмида ичак касалликлари топилмайди. Бундай беморлар невролог ёки тиббий психолог томонидан текширилганда, уларда ипохондрия, депрессия ва истерия белгилари топилади. Неврозга чалинган беморлар аксариятининг ҳафтасига зўрға бир марта ичи келади. Асаб бузилишларида қабзият сабабларини турлича тушунтириш мумкин: биринчидан, бу беморларнинг аксарияти пассив, кам ҳаракатчан бўлишади, спорт билан кам шуғулланишади ёки умуман шуғулланишмайди; иккинчидан, улар овқатланиш режимини доим бузишади ва кўпроқ углеводларни хуш кўришади; учинчидан, транквилизаторларни кўп истеъмол қилишади, улар эса ичаклар перисталтикасини сусайтиради. Шунингдек, доимий руҳий зўриқишларда баъзан йўғон ичакда суюқликнинг сўрилиши кучайиши аниқланган. Бу эса қабзиятга олиб келади. Ичакларда суюқлик сўрилишининг сусайиши эса ич кетишга сабабчи бўлади.

    Психоген қабзиятда бемор доимо ичагида гулдираган товушларни эшитади, қорнининг пастки қисми сиқиб оғрийди, ичи кўп газга тўлиб юради. Ҳожатхонага кирса, асосан ичакдан ел чиқади ва ахлати қўйнинг ахлатига ўхшаб думалоқ-думалоқ бўлиб чиқади, соатлаб ўтирса-да, дефекациядан қониқмайди. Беморнинг қорни палпация қилиб текширилганда (айниқса, спастик тарздаги қабзиятлар-да), йўғон ичакларнинг қаттиқ, цилиндрсимон эканлиги аниқланади. Бемор ич келишини хоҳлаб турли хил усулларни, турли хил дориларни қўллаб кўради. Бундай беморлар одатда, ҳар қандай янгиликка ишонувчан бўлишади.


    Ичакларни шлаклардан тозалаш керакми?
    Кейинги пайтларда «ичакларни турли хил шлаклардан тозалайдиган» доривор воситалар, яъни «овқатга қўшимча воситалар» кўп реклама қилинмоқда. Уларнинг кўпчилиги фойдали бўлиб, таркиби ичак фаолиятини яхшиловчи, организм тонусини оширувчи моддалар ва витаминларга бой. Улар чиройли идишларда ишлаб чиқарилади ва шунга лойиқ этикеткалар ёпиштирилади. Бундай идишдаги дорилар албатта инсон психологиясига ижобий таъсир кўрсатади. Лекин бундай воситаларни истеъмол қилишдан олдин албатта врач билан маслаҳатлашиш зарур.

    Ҳориж газеталарининг бирида «Хориж дорилари бизникидан нимаси билан афзал» номли мақола чоп қилинди. Унда журналистнинг саволларига клиник фармаколог, профессор жавоб беради. У тана ҳароратини туширувчи ва оғриқ қолдирувчи дорилар ҳақида шундай дейди: «Бу яқин орада тез оғриқ қолдирадиган ва тана ҳароратини туширадиган универсал восита ҳали кашф қилингани йўқ. Ҳаммаси бундан юз йил олдин кашф қилинган аспириннинг ўзгинасидир, фақат улар шакли, ранги ва уларга қўшилган хушбўй ҳид таратувчи бўёқлари билан бир-биридан фарқ қилади». У интервюсини қуйидаги сўзлар билан тугаллайди: «Тана ҳароратини туширувчи дорини 100 ёки 1000 центга сотиб олиш — бу албатта беморга ҳавола».


    Тил ҳам оғрийдими?
    Умумий психоген гиперестезияга глоссалгиялар, яъни тилда кузатиладиган оғриқлар яққол мисол бўла олади: беморлар тилида пайдо бўладиган, гоҳида чидаб бўлмас даражада кучли бўлган оғриқлардан шикоят қилишади. Уларнинг жиғилдони ва қизилўнгачи жуда сезгир бўлади: тез-тез кекириш натижасида ошқозондаги кислотали моддаларнинг юқорига кўтарилиб туриши беморнинг жиғига тегиб, овқат ейишдан бош тортишгача олиб келади. Бунда бемор сал иссиқ чойни, иссиқроқ овқатни ҳам ича олмайди, чунки бу дарров унинг жиғилдонини «қайнатади» ва кўкрак соҳасида қаттиқ оғриқ пайдо қилади. Шунинг учун бундай беморлар доимо суюқликларни илиқ ҳолатда қабул қилишади. Ҳар қандай ташқи ва ички таъсирларга ортиқча эътибор қилаверадиган беморлар ўта инжиқ бўлиб қолишади: «Э худойим-ей, бу қанақаси, нега мен бошқаларга ўхшаб иштаҳа билан овқат тановул қила олмайман, қорним доимо тўқ юради, очиқмайман, бир тишлам нонни оғзимга солсам ҳам қорним шишиб кетади, оғрий бошлайди» деб шикоят қилишади. Шунинг учун бу беморларда овқатланиш вақти келди дегунча қўрқув бошланади, уларга биров овқат енг дейиши шарт эмас, соатга қараб ҳам «Тушлик пайти бўлди, менинг эса иштаҳам йўқ, ана яна жиғилдоним қайнай бошлади, овқат емасам ўлиб қоламан-ку» деб азият чекишади. Оч юриш натижасида қорин соҳасида оғриқлар пайдо бўлади ва бориб-бориб бу ҳолат тез-тез такрорланадиган бўлиб қолади. Мана шундан сўнг беморда қаттиқ азоблар бошланади, у «Овқат емаганимдан яра касалигига» дучор бўлдим», деб жарроҳларга мурожаат қила бошлайди, зондлар ютиб, ошқозонини бир неча марта текширтиради ҳам. Беморни биринчи бор текширганда: «Сизда яра йўқ, бор-йўғи ошқозон шиллиқ қаватида озгина ўзгаришлар бор, бунақа ўзгариш ҳозир кимда йўқ дейсиз» деб докторнинг тинчлантиришига қарамасдан, у «Мен режим билан овқатланмаяпман, бунақада ошқозоним яра бўлиб қолиши ҳеч гап эмас, мени яна текшириб кўринг!» деб илтимос қилади. Зонд ютиш улар учун ўлим билан баробар бўлсада, баъзи беморлар айтганидан қолмайди. Битта бемор қорнини уч марта операция қилдирган ва ҳеч нарса топишмагач, бошқа бир жарроҳнинг маслаҳатига биноан овқат яхши ўтиши учун махсус баллон ёрдамида қизилўнгачи «кенгайтирилган».
    Қорин нега оғрийди?
    Қориндаги оғриқлар, айниқса, ҳиссий зўриқишлардан сўнг, кайфият бузуқ пайтларда ва асосан куннинг иккинчи ярмида пайдо бўлади. Баъзан оғриқларнинг аниқ бир соатларда бошланиши эътиборга лойиқ. Масалан, эрталаб бемор ўзини яхши ҳис қилиб туради, кечга бориб қоринда оғриқлар пайдо бўлади ёки бунинг акси кузатилади. Парҳез сақлаш уларнинг аҳволини баттар оғирлаштиради, яъни улар фақат парҳезни бузиб қўймаслик, овқат вақтига амал қилиш, парҳез учун зарур бўлган масаллиқларни қандай топиш ҳақида ўйлаб юришади. Асабнинг бундай зўриқиб ишлашини албатта бундай беморлар кўтара олмайдилар ва парҳезни ҳам бузиб юборишади ва ҳатто, бироз енгил ҳам тортишади. Натижада улар тиббиётдан безиб, янги антиқа усуллар билан даволайдиган «докторларни», табибларни излай бошлашади.

    Шуни унутмаслик керакки, қорин соҳасида ўткир пайдо бўлган оғриқни албатта терапевт ва хирург кўриши керак! Уларнинг рухсатисиз оғриқ қолдирувчи дорилар истъемол қилиш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.



    Псевдоурологик синдромлар ёки буйракнинг психоген бузилишлари
    Псевдоурологик синдромлар – ўткир ёки доимий стресс натижасида буйрак ва сийдик йўлларида пайдо бўладиган касаллик аломатларидир. Сийдик ажратиш системасида кузатиладиган психоген (невроген) бузилишлар билан невропатолог ёки психоневрологга мурожаат қилиш жуда кам учрайди. Бундай беморлар, кўпинча, «пиелонефрит», «гломерулонефрит», «сийдик-тош касаллиги» «цисталгия», «цистит», «уретрит» ташхислари билан нефролог ёки урологларда даволаниб юришади. Шу нарсага эътибор қаратиш лозимки, бу ташхислар даволаш мобайнида бир неча бор ўзгариб туради. Ниҳоят, бу беморларга ҳамма урологик симптомларни ўзида мужассамлаштирган умумий ташхис — «Невроген сийдик пуфаги» қўйилади. Қаттиқ асабий зўриқишлардан кейин сийдик йўлларида турли касаллик аломатларининг пайдо бўлиши ниқобланган депрессиянинг клиник кўринишларидан бири бўлиши мумкин. Тез-тез ҳожатхонага қатнаш, шунда ҳам сийганидан қониқмай чиқиш ва яна ҳожатхонага қайтиб кириш, худди сийдик пуфаги тўла бўшалмагандек бўлиши, қорнининг пастки қисмида оғриқ сезиш ҳолатлари асаб тизимининг функционал бузилишлари учун хосдир. Сийдик ажралиб чиқишининг невротик бузилишлари икки хил вариантда кечиши мумкин: тез-тез сийгиси келиши ва сийишнинг ушланиб қолиши. Қаттиқ кулганда, аксирганда, йўтал пайтида, оғир нарса кўтарганда озгина сийиб юбориш ёки соатлаб сийдик тутилишлари ниқобланган депрессия учун жуда хосдир.
    Тез-тез сийиш нега кузатилади?
    Тез-тез сийиш (поллакурия) кўпчилик сийдик йўллари касалликларида (цистит, уретрит, простатит) учраганлиги сабабли бу беморлар урологик текширувлардан тўла ўтишлари лозим. Совуқ жойда кўп туриб қолиш, шўр, аччиқ ва нордон нарсаларни ва спиртли ичимликларни (айниқса пивони) истеъмол қилиш, қаттиқ сиқилиш сийишнинг тезлашувига олиб келади. Эркакларда, айниқса, жинсий алоқадан сўнг ана шундай вазият юзага келади. Бироз ривожланган асаб бузилишларида учрайдиган дизурия транспортда, катта мажлислар бўлаётган пайтда, ўзи бирор нарсани кўпчилик олдида ўқиб бераётган пайтда намоён бўлади. Натижада уларда ипохондрик синдром ривожланади: бундай беморлар бутун бир фикрини ва диққатини сийдик пуфагига қаратишади, шарманда бўлиб қолишдан қўрқишади. Табийки, бу вазият беморнинг асабига путур етказади ва касаллик белгиларини янада кучайтиради. Бундай беморлар мабодо бегона аёл билан жинсий яқинлик қилса, ўзида бўлаётган барча белгиларни ҳали тасдиқланмаган венерик касаллик билан боғлайди. Рафиқасига яқинлаша олмайди, доим хавотирда яшайди ва хиёнат қилганини билдириб қўяди.
    Болага ортиқча талаблар қўявериш ҳам яхши эмас
    Болалик давридан бошлаб ортиқча талаблар қўйиб тарбиялаш, уйдан ташқарига чиқармаслик, ўртоқлари билан ўйнагани қўймаслик, кейинчалик оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки инсоннинг руҳий ривожланиши тарбияга ва уни ўраб турган атрофдаги муҳитга кўп боғлиқ. Ўқув адабиётларининг бирида қизиқ бир мисол келтирилган. Илмий текшириш институтларининг бирида ишлайдиган 37 ёшга кирган К. исмли илмий ходим жамоат жойларидаги ҳожатхонага кира олмаслигидан шикоят қилади. Бу нарса уни 17 ёшлигидан буён безовта қилсада, 20 йил мобайнида уялганидан бу «айбини» докторларга айтмасдан ва табиийки даволанмасдан келган. Беморнинг ҳаёт анамнезидан шу нарса маълум бўладики, у онасининг қаттиқ назоратида ўсган. Уни онаси кўчада болалар билан ўйнагани қўймас, умумий ҳожатхоналардан фойдаланишни қатъиян ман қилган эди. «Чунки у ерга ҳамма боради, уларнинг касали сенга юқиши мумкин» деб уқтирган. Бола кўп қаватли уйлардаги хонадонда яшаганлиги учун у хоҳлайдими йўқми, иштонига «юбориб» қўймасин деб, онаси уни доимо тувакка ўтқазган, ёнига эса ўйинчоқларини қўйган. Бола ҳам ўйнаб, ҳам тувакда «жасорат» кўрсатиб ўтирган. Бола нафақат тувакда ўйнаб ўтирган, ҳатто онаси унинг ёнида ўтириб эртаклар айтиб берган, куйлаган, одоб ҳақида ваъзхонлик қилган. Шундай қилиб, ҳар бир одамнинг ўзи бажариши зарур бўлган бу муҳим физиологик жараён, «озода» юрадиган она томонидан бошқарилган. Бола тувакда узоқ вақт ўтириб қолар ва онаси келиб олмагунча турмасди. Онаси тувакда ахлат ёки сийдикни кўрмаса, болани яна ўтқазиб қўяверган. Бола баъзан иштонига сийиб қўйса, онасидан роса дакки еган. Бу айбни қилиб қўймаслик учун бола доимо қўрқиб хавотирда яшаган. Мабодо она-бола меҳмонга кетишмоқчи бўлишса, бола албатта ўз уйида ҳожатхонага кириб чиқиши, меҳмонда эса сийгиси келса ҳам иложи борича кутиб туриши ва фақат уйга қайтгандагина ҳожатхонага бориши она томондан аниқ белгилаб қўйилган. Буларнинг оқибатида бола атрофдаги нарсалардан жирканадиган ва нозик табиат бўлиб ўсади.
    Энурез – сийиб қўйиш ёки сийдик ушлай олмаслик
    Статистик маълумотларга кўра, болаларда учрайдиган энурезнинг 65-80 фоизи “Болалар неврози” билан боғлиқ, яъни уларнинг буйрагини эмас, асабини даволаш керак. Мутахассисларнинг фикрича, диурезнинг бузилиши руҳий бузилишларда юзага келадиган сийдик пуфаги қўзғалувчанлигининг ошиши ёки пасайиши ҳисобига кузатилади. Тагига сийиб қўядиган болалар, одатда, ўта инжиқ, тиниб-тинчимайдиган, йиғлоқи ва кўп туш кўрадиган бўлишади. Улар шу қадар ранг-баранг тушлар кўрадики, худди катталарга ўхшаб, тушининг мазмунини ота-онасига берилиб сўзлаб беришади. Бу белгилар невроз аломатлари бўлиб, унинг сабабларини аниқлаш ва ўз вақтида даволаш зарур.
    Кўп сув ичиш ва кўп сийиш
    Функционал полидипсиялар (кўп суюқлик ичиш) ва полиуриялар (кўп сийиш) асаб бузилишларида кўп учраб турадиган симптомлардир. Бундай беморлар кунига 5 л ва ундан ҳам кўп сув ичишади. Улар доимо чанқаб юришдан ва сув ичганда қониқмасликдан шикоят қилишади. Табийки, бундай пайтларда қандсиз диабет ҳақида фикр пайдо бўлади. Шундай бўлса-да, бемор ичган сув ва ажралиб чиққан сийдик миқдори, унинг ҳиссий ҳолатига жуда боғлиқ бўлади. Ҳатто соғлом одамларда ҳам ортиқча ҳиссий зўриқишлар пайтида, масалан абитуриентлар, талабалар имтиҳон пайтида, илмий ходим диссертация ҳимоя қилаётган пайтида, иккита киши бир-бири билан уруш-жанжал қилаётган пайтида оғзи қуриб сув ичгиси келади ва тез-тез ҳожатга қатнайди. Уларнинг териси кўп сув ичишига қарамасдан қуруқ бўлади (тумбочкаси ҳар хил кремларга бой бўлади), қон босими паст бўлади, боши тез-тез оғрийдиган бўлади, бирор иш қилишса, тез чарчаб қолишади. Кўп сув ичганликлари сабабли, организмда электролитлар алмашинуви бузилади ва баттар чанқаб, сув ичгиси келаверади. Бунинг натижасида албатта қандсиз диабет ташхисини инкор қилиш учун лаборатор текширувлар ўтказишга тўғри келади.


    Ушбу маълумотлар профессор З. Ибодуллаевнинг “Тиббиёт психологияси” ҳамда “Асаб ва руҳият” китобларидан олинган. Муаллифлик ҳуқуқлари ҳимояланган. Бу маълумотлардан фойдаланганда манба кўрсатилиши лозим.


    1   2   3

    Коьрта
    Контакты

        Главная страница


    Психосоматик синдромлар