• Адабиётлар
  • Мавзу: ОТЛАР ГИГИЕНАСИ Режа
  • Мавзу: ЧЎЧҚАЛАР ГИГИЕНАСИ Р ежа
  • Мавзу: ПАРРАНДАЛАР ГИГИЕНАСИ Режа
  • Адабиётлар Сувонқулов Й.А. "Қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари гигиенаси" Тошкент, 1994 й. Қўшимча адабиётлар.
  • Мавзу: ҚУЁН ВА МЎЙНАЛИ ҲАЙВОНЛАР ГИГИЕНАСИ



  • страница5/6
    Дата29.01.2019
    Размер2.61 Mb.

    Ўзбекистон республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги


    1   2   3   4   5   6

    Мавзу: ҚЎЙЛАР  ГИГИЕНАСИ

    Режа:

    1.    Қўйларни сақлаш усуллари ва қўйхоналар қуриш гигиенаси.

    2.    Қўйларни озиқлантириш ва суғориш гигиенаси

    3.    Қўйларни жунини қирқиш ва соғиш гигиенаси

    4.    Қўзиларни ўстириш, қўчқорларни сақлаш ва бурдоқига боқиш.

    Адабиётлар

    1.    Сувонқулов Й.А. "Қишлоқ хўжалиги  ҳайвонлари гигиенаси"  Тошкент, 1994 й.



    Қўшимча адабиётлар.

    1. Медведский В.И. «Содержание, кормление и уход за

         животными». Минск, 2007

    2.    Кочиш И.И., Калюжный Н.С., Волчкова Л.А., Нестеров В.В.

          «Зоогигиена», Москва, 2008

           3. Юсупов С.Ю. -  Овцы и козы Узбекистана. Ташкент- 2002

        4. Маҳмудов  М.М. ва бошқалар. -   Қоракўлчилик яйловлари ва 

            улардан самарали фойдаланишга оид амалий қўлланма.     

            Самарқанд.  2001                                                       

    Таянч иборалар:

    Қўйхона, қўтон, отар, сурув, сақмон, яйлов, йил давомида яйлов, жун қирқиш, соғиш, суғориш, озиқлантириш, сунъий қочириш, қўзилатиш.

          

    Қўйчилик чорвачиликнинг асосий тармоқларидан бири бўлиб, халқимизга гўшт, жун, тери, сут ва бошқа  маҳсулотлар еткаазиб беради. Собиқ иттифоқда 150 млн бош қўй бўлиб, шундан 12 миллиони қоракул қўй бўлган, Ўзбекистонда эса 6,5 млн қўй бўлган. Ҳозирги кунда мустақил давлатимизда 11,5 млн бош қўй-эчки бўлиб, 20 минг тонна жун етказилади ҳамда гўштни 20 % кўпайтириш кузда тутилган. Бундан ташқари дунё бўйича 7-8 млн бош қўй соғилади. Жумладан Францияда 670 минг, Болгарияда 300 минг, Италияда 500 минг, Руминияда 400 минг бош қўй соғилиб, Болгарияда 15 минг тонна пишлоқ тайёрланади. Шундан кўриниб турибдики, қўйчиликни ривожлантириш, маҳсулдорлигини кўпайтириш йўлларини излаш ҳозирги куннинг долзарб вазифаси ҳисобланади.



    Қўйчилик фермалари технологияни лойиҳалаш меъёрлари (ТЛМ) 5-85 асосида қурилади. Қўйхоналар катта ёшдаги қўчқорлар, совлиқлар, онасидан ажратилган эркак ва урғочи қўзилар, бичилган қўзилар, қари қўчқор ва совлиқлар, катта ёшдаги эркак ва урғочи қўзилар (тусок ва дағал) учун ва бошқаларга мослаб қурилади.

    Иқлим шароити, келадиган фойда ва табиий яйловлардан фойдаланиш йўлига қараб қўйлар яйлов, яйлов – қўйхона, қўйхона-яйлов, қўйхона ва йил давомида яйлов усулларида боқилади. Қўйхона - яйлов усулидан асосан шимолий ҳудудларда, бизда эса яйлов - қўйхона ва йил давомида яйлов усулида боқилиб, бунда қўйлар кўпроқ яйловда боқилиб, қишнинг совуқ ва намгарчилик пайтлари қўтонларга қамалади. Ёзнинг иссиқ пайтлари иссиқдан, қон - паразитар касалликларидан сақлаш, яхши озуқалардан фойдаланиш мақсадида тоғли яйловларда боқилади.

    Ёзги яйловларда чўпонлар учун вақтинчалик бинолар, чайлалар, айврнлар, қўйларни суғориш ва озиқлантириш майдонлари тайёрланади. Қишки яйловларда эса совлиқ ва қўзилар учун қўтонлар, қўзилатиш учун иссиқхона, қўчқорлар учун алоҳида жойлар қилинади.

             Қўйчилик ўзининг йўналишига қараб наслчилик ва товар хўжаликларига бўлинади. Жун ва жун - гўшт етиштирадиган товар фермаларда 3 - 15 минг, ярим майин жунли фермада 2 - 8 минг, майин жунли фермада 2-10 минг, пўстинбоп тери фермалари 0,5 - 3 минг бошга, гўшт – сут - жун етказадиган фермалар эса 0,5 - 8 минг бошга мулжаллаб қурилади.

             Ҳозирги вақтда қўйчилик фермалари махсус биноларда жойлаштирилиб, унда қишки ва эрта баҳорда қўзилайдиган совлиқлар учун жой иссиқхонаси билан, дагар ва тўқлилар учун, наслли қўчқорлар учун жой, ҳар хил ёшдаги ва жинсдаги қўйлар учун қўтонлар, сунъий қочириш пункти, жун қирқиш жойи, ветеринария пункти, канализация, иситиш жиҳозлари, санитария сўйиш пункти, соғиш пункти, терихона, емхона, тўшама учун хона, тарозихона, хўжалик ускуналарини сақлаш жойи, ювиш ва чўмилтириш жойлари, маиший хизмат хонаси, бошқарув  ва бошқа бинолар бўлади.

            Жанубий минтақаларда арзон маҳаллий қурилиш материаллари - тош, пахса, сомон, буйра, чим, хом ғишт ва бошқалардан фойдаланиб енгил қўйхоналар қурилади. Қирғизистонда Н.И.Ферапонтов тавсия этган кўчма қўтонлар кўп ишлатилади. Бу қўтон 600-700 бош қўйга мулжалланган бўлиб, узунлиги 32 м ва эни 8 м бўлади. Қўтоннинг  устунлари темир трубадан усти тахта, атрофи зичланган похол ёки ёнтоқ билан уралган, усти похол билан ёпилади. Бу қўтонни 2 киши  2 та юк автомашинаси билан бир жойдан иккинчи жойга 8 соатда кўчириши мумкин.

            Қўйхоналар 500 - 1000 бошга мулжалланиб Г, П-симон ва айланма қўтон шаклида қурилади. Қўйхонада жами 20% совлиққа мўлжалланган иссиқхона ажратилади. Ҳар бир қўйга ўртача 0,8 - 1,0 м2, қўзига 0,5 м2 жой ҳисобланади. Ҳар хил турдаги қўйлар учун қўйхоналарда қўйидагича жой ажратилади яъни  совлиқлар учун 1 - 1,2 м2, алоҳида сақланса 3 - 4 м2, бир ёшгача бўлган қўзиларга 0,7 - 0,8 м2 жой ажратилади. Поли ер бўлиб, канализация бўлмайди, Қўйхонада 2 - 4 бош совлиқ сиғадиган 2,5 х 1,75 м ўлчамда изолятор қилинади. Сунъий қочириш пункти ТЛМ № 0715 лойиҳаси асосида қурилиб, 16 м2 манеж, 7,6 м2 лаборатория, 8 м2 қўчқорлар учун жой, қочирилган ва қочирилмаган совлиқлар учун 16,2 м2 дан 2  хона ажратилади.

    Қўйларни чўмилтириш учун 8 - 10 сурув ҳисобига бир ванна қурилиб, унинг узунлиги 15-20м, юқори эни 0,9 ва пастки эни 0,6 м, кириш томон чуқурлиги 1,25 м ва чиқиш томон чуқурлиги 0,95м ва чекка томон девори  25-30 см баландликда қурилади. Тери ва қон паразитар касалликларига қарши чўмилтиришда кўчма дезинфекцияловчи установкалар, ванна ва душ қурилмаларидан ҳам фойдаланилади.

    Қўйларни озиқлантириш ва суғориш гигиенаси - Қўйларни сифатли тўла қийматли озуқалар билан таъминлаш уларни тирик вазнини ошишига, қўзи олиш, сут ва гўшт  маҳсулотларини кўпайтиришда асосий омил бўлиб ҳисобланади. Қўйларга табиий ўтлар пичани, беда, пичан, сомон, қанд лавлаги, кунжара, кепак ва бошқалар берилса қўйлар яхши семириб, соғлиги мустаҳкамланади ва туёқ сонини кўпайишининг асосий манбаидир. Масалан: В.Головин маълумотига кўра меринос қўйларни семизлиги ўртача бўлганда 2,8 %, ўртачадан паст бўлганда 9 % и қисир қолган  ёки семиз қўйлардан туғилган қўзилардан 3 ойлик ёшида 7 %,  орриқ қўй қўзиларидан  35 % и нобуд бўлган.

            «Аскания-нова» илмий тадқиқот институтининг илмий текширишлар якунига асосан, озуқа таркибида протеин етишмаса жун 20-25% га камайган, зич текис сақланса жун толалари 20% ингичкалашиб, 10% га калта бўлган. Рационда протеин таркибидаги аминокислоталарни кўпайтирсак (цистин, метионин, лизин) бир ёшлик қўзиларда жуннинг қалинлиги 15-24% га ортган. Шунинг учун қўзиларга 6 ойлигидан бошлаб протеинга бўлган талабини қондириш мақсадида ҳар бир бошига 13-16 г карбамид бериб борилади. Буғоз қўйлар организмида буғозликнинг биринчи ярмида минерал моддалардан кунлик талаб кальцийга - 0,2  ва фосфорга 0,02 г бўлса, буғозликнинг 2 - ярмида эса кальций  - 3,8 г (19 марта), фосфор 1,46 г (73 марта) га ортади. Озуқа таркибида кальций, фосфор, витамин А, Д ва бошқалар етишмаса қўзилар ночор ва кам яшовчан бўлиб туғилади, онасини сути кам бўлади. Ширали озуқалар буғоз совлиқларга бериб борилса совлиқларнинг  сути 15-20 % га, жуни 22 % га кўпаяди.

           Қўйларни озиқланиши учун 0,3 м кенгликдаги охурларни ораси 3,5 м қилиб жойлаштирилади. Ёз пайтлари 2 марта ва қишда 1 марта суғорилади. Қўйларга моғорлаган, музлаган, чириган ва ифлосланган озуқалар бериш тавсия этилмайди. Чунки булар таъсирида совлиқлар бола ташлайди ва ошқозон-ичак касалликларига йўлиқиши мумкин. Қўйхоналарда қиш пайти ҳаво ҳарорати +50С дан паст ва нисбий намлик 80% дан ошмаслиги керак. Пустинбоп Романов зотли қўйлар учун ҳаво ҳарорати  - 50С ҳам хавфли эмас. Совлиқлар туғишга 3-4 ҳафта қолганда вақтинчалик гуруҳларга эгиз туғадиган қўйлар 5-10 ва бошқалари 15-20 бошдан иссиқхонага қўйилади. Туғишга бир ҳафта қолганда дағал озуқа миқдори 1/3 га камайтирилиб, силос берилмайди, кучли ем озуқа кўпайтирилади. Бу эса овқат ҳазм қилиш органлари фаолиятини енгиллаштириб, туғишни осонлаштиради, мастит касаллигини олдини олади. Қўйлар туққандан кейин 1-3 кун яхши пичан, кейинчалик ширали ва ем озуқалар аста-секин берилиб борилади. Совлиқлар озиқаси доимо назорат қилиб борилади, қорда, совуқ ерда ётиб қолмаслиги ва туёғи ўсган бўлса тозаланиб кесиб қўйилади.

    Қўйларни жунини қирқиш ва соғиш гигиенаси – Қўйлар жуни йилига икки марта яъни  баҳор ва кузда қирқилади. Майин жунли қўйларни жуни эса йилига бир маротаба баҳорда қирқилади. Қўйларнинг жуни вақтида  олинмаса ҳавонинг иссиқ пайтлари озиқа исътемол қилиши бузилади, орриқлайди ва сути камаяди.

           Жун қирқиш махсус биноларда, айвон тагида ўтказилади, Агар жуни жуда кир бўлса қирқишдан 7 - 8 кун олдин чўмилтирилади. Қирқишдан олдин қўйлар ёғин сочиндан хулланмаслиги учун усти ёпиқ биноларда сақланади, Жун қирқимини тез, уюшган ҳолда, иссиқ пайтлариига қолмасдан тугатиш лозим. Чунки териси кесилса йод настойкаси билан даволанади. Жун қўлда ва машинада қирқилади. Қўйларни қўлда қирқилганда бир қўйга 20-25 дақиқа, машинада эса 3-8 дақиқа вақт кетади ҳамда жун чиқими 10-13% га (100-200 гр) кўпаяди. Жун қирқиш жойи ёруғ, тоза, дизенфекция қилинган, қуруқ бўлиши ва елвизак бўлмаслиги керак. Қирқимда биринчи навбатда дағал жунли, кейин аралаш ва охирида майин жунли қўйлар қирқилади. Ранггига қараб эса энг аввало оқ жунли қўйлар кейин бошқалари қирқилади.

           Жун қирқишда махсус кенглиги 1,2 - 1,4м, баландлиги 0,4 - 0,6м ва узунлиги 1,7 - 2 м бўлган столлардан фойдаланилади. Машинада қирқишда ЭСА-12, ЭСА-22, ЭСА - 36 ва ЭСА - 60 электр агрегатлари ва МАП - 4 механик агрегатлар ишлатилади. Фермада 10-25 минг бош қўй қирқилса 36 машинали ЭСА - 36, 25 минг бошдан кўп бўлса 60 машинали ЭСА-60 агрегати ишлатилади. Қирқимда тажрибали чорвадорлар, мутахассислар қатнашиб қирқимни назорат қилади. Жун қирқиш агрегатини бир юргизган жойга 2 - марта юргизмаслик керак. Чунки иккинчи юргизишда қирқилган калта жунлар яроқсиз ҳисобланади. Қўйларни бирон жойи кесилса дарҳол 5% ли йод эритмаси суртилади ва нафталин уни сепилади.

          Касал қўйлар (қичима, бруцеллез) ҳамма вақт энг охирида қирқилиб, жуни алоҳида сақланади ва фабрикага жўнатилишда жуннинг ёрлигига касалликнинг номи ёзилади. Қирқим тугагандан кейин ҳам жой тозаланиб, яхшилаб дизенфекция қилинади. Қирқимдан кейин 5 - 7 кун давомида қўйлар терисида гипотермия (танани ҳароратини 1 - 20 пасайиши) ҳолати бўлиб, озуқага бўлган талаб 50 % га ортади. Организмни чидамлилиги пасаяди, юқумли ва шамоллаш касалликларига чидамсиз бўлади. Шунинг қўйлар айниқса биринчи марта жуни олинган қўзилар қўтонлар яқинида боқилади. Ҳаво совиса ёки ёмғир - қор ёғса тезда биноларга қамалади.

               Қўйларни соғиш. Дағал жунли қўйларнинг ҳаммаси соғилади. Бизда асосан қоракўл қўйлар соғилади. Серсут совлиқлар мавсумда 100 литргача, Ост-фриз зотли қўйлар 500-600 литргача сут беради. Қўзили совлиқ 2-2,5 ой, қўзиси бўлмаса 3,5-4,5  ой соғилади ёки қўзиси бўлса эрталаб бир марта, қўзиси бўлмаса эрталаб ва кечқурун соғилади. Совлиқларни қочиришга 1 ой қолганда соғиш тўхтатилади.  Соғиладиган қўйларга яхши, серўт яйловлар танланиб, соғиш пунктидан 2 - 3 км дан узоқ бўлмаслиги зарур. Соғиш вақтида қўзилар 3 - 4 соатга ажратилади ва совлиқларга ҳар хил рангдаги белгилар қўйилади. Соғувчилар шахсий гигиена қоидасига қаттиқ риоя қилишлари лозим. Улар ойига бир маротаба медицина куригидан ўтказилиб турилади. Қўйлар ёнидан(кавказча) ва орқасидан молдаванча соғилади. Гигиена нуқтаи назаридан орқасидан соғиш мақсадга мувофикдир. Баъзи қўйлар соғиш давомида тезак ажратиши ёки сийиб юбориши мумкин.

    Ривожланган давлатларда қўйлар ДЗО-8, ДЗО-16 (8 ёки 16 қўйга мулжалланган) соғиш машиналари ёрдамида соғилиб, бир соатда 8-ликда 200 бош, 16-ликда эса 400 бош совлиқни соғиш мумкин.

           Соғиш жойлари ҳавфтасига бир марта яхшилаб тозаланади, ахлат ва жун бўлаклари йиғиштирилиб 1-2 % ли уювчи натрий билан дизенфекция қилинади. Ҳамма соғиш идишлар ва аппаратлар ҳар куни соғим тугагандан кейин, аввал совуқ сув билан чайқалиб, кейин 55-600 С ли илиқ сув 0,5% ли сода эритмаси билан ювилади. Охири яна иссиқ сув билан чайқалиб, шийпон тагига чанг тушмайдиган қилиб қўйилади.

    Қўзиларни ўстириш, қўчқорларни сақлаш ва бурдоқига  боқиш гигиенаси - Қўйчилик тажрибаси шуни кўрсатадики, қўзилатиш мавсумини қишда ёки эрта баҳорда ўтказиш, қўзиларни яхши ўсишига, нобуд бўлишини камайишига олиб келади. Ҳатто баъзи хўжаликларда қўзи олиш 15% га, жун эса 30-35 % га кўпайган.

    Ўзбекистон шароитида қочириш мавсуми сентябр, октябр ойларида ўтказилиб, кочириш пунктлари олдиндан тайёрланади. Буғозлик даври 150-155 кун бўлиб, совлиқларда туғиш белгилари кўринса дарров иссиқхонага утказилади. Биринчи туғадиган совлиқлар анча нотинч, безовта бўлади. Шунинг учун улар алоҳида сақланиб катагига 1-2 та қўзи қўшиб қўйилади (ўз боласидан ҳуркмаслиги учун). Қўзи елин сурғичларини топиши ва эмиши осон бўлиши учун совлиқлар елини атрофи ва чотидаги жунлари қирқилиб, тозаланиб қўйилади. Совлиқни  сути кам ёки йўқ бўлса, қўзиси бошқа серсут болали қўйга ўтказилади. Угай она совлиқ билмаслиги учун қўзининг бўйни, елкаси, белига эмбирион  суюқлиги ёки қўйиладиган совлиқни сутидан суртилади.

           Янги туққан совлиқлар 3-5 бошдан, кейинчаллик 10-20 бошдан ва 1 ойлигида 80-120 бошдан гуруҳларда боқилади. Қўзилар ҳаётини биринчи кунларида улар учун энг қимматли озуқа оғиз сути ҳисобланади. Шу даврда қўзиларни 1 кг вазнини ошишига 5-6 кг сут сарф бўлади. Шунинг учун қўзилар 2-3 соатда эмизилади. Кечалари эса навбатчи чўпон томонидан совлиқлар қўзғатилиб қўзилар эмдирилади. Қўзиларга қўшимча озуқа тариқасида сунъий сут (ЗЦМ) кунига 1,5 литр ҳисобидан 6 марта бўлиб берилади.

    Қўзилар 7-10 кунлигида дағал озуқа, емга ўргатилиб борилади. Улар рационида пичан уни, пичан, сабзи, кунжара, кепак, туз, бўр, суяк уни ва бошқалар бўлиши керак. Қўзилар онасидан ажратиб боқилса биринчи 10- кунлигида 5 - 6 марта, 1 ойликкача           4 марта, 2 - ойлигида эса кунига 3 марта эмишга қўйилади. Думли қўйларни думи 5-7 кунлигида кесилади, эркак қўзилар 2 - 3 ҳафталигида бичилади.

             Қўзилар онасидан 3-4 ойлигида ажратилиб, урғочи қўзилар 700-900 бош, қўчқорчалар 600-700 , бичилганлар 900-1200 бошдан сурув қилинади. Ночор ва кам қувват қўзилар алоҳида ажратилиб қўшимча озуқалар билан боқилади. Онасидан ажратилган қўзилар оналаридан 5-10 кундан узоқда боқилиши, уларни товушини эшитмаслиги керак. Қўзилар сурувига 1-2 бошдан қари бичилган қўчқорлар ёки саркалар қўшиб қўйилади.

    Қўчқорлар гигиенаси - Насл олиш учун қўзиларни эмбрион давридан бошлаб совлиқларга яхши қараш, озиқлантириш, яйратиш ва парвариш қилишнинг аҳамияти катта. Қўзилар онасидан 4 ойлигида ажратилиб, вояга етгунча (1,5-2 ёш) яхши боқилади ва келгусида насл олишга ишлатилади. Қочириш мавсумига 1-2 ой қолганда қўчқорлар кеча-кундуз яхши боқилиб уруғ олишга тайёрланади. Улардан фойдаланишда биринчи йиллари зўриқтирмаслик, чарчатмаслик зарур. Насллик қўчқорларни 1,5-2 ёшга етгандан кейин ишлатиш керак. Агар вақти ўтиб кетса жинсий активлиги пасаяди, импотенцияга учрайди. Ортиқча семириш ёки ориқлик уруғ сифатини, жинсий активликни пасайтириб, кўпгина совлиқларни қисир қолишига сабаб бўлади. Қўчқорларга бериладиган озуқа рационида протеин, аминакислоталар, минерал моддалар, микроэлементлар ва витаминлар талаб даражасида бўлиши лозим. Қочириш  даврида доимо яйратилиб, суғорилиб, сифатли, тўйимли озуқаларга қўшиб сабзи тухум қўшиб берилади. Қўчқорлар доимо мутахассислар назоратида бўлади.



    Қўйларни бўрдоқига боқиш - Одатда қўйлар яйловда ва қўйхонада бўрдоқига боқилади. Бўрдоқига пучак қилинган совлиқ, қўчқор, бичилган қўчқорлар ва ўтган йилги эркак қўзилар боқилади. Қўйлар бўрдоқига 60 - 90 кун жадал усулда боқилади. Утказилган илмий тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики қўйларни узоқ вақт бўрдоқига боққанча жадал усулда боқилса иқтисодий томондан самарали бўлади. Улар бир кунда 4 марта озиқлантирилиб 2 марта суғорилади, ем озуқалар миқдори кўпайтирилади. Қўзилар 5-6 ойлигида 40 кг га етганда бўрдоқига қўйилади. Бўрдоқи қўйлар рационида дуккакли экинлар пичани, илдиз мевали, ширали ва бошқа озуқалар бўлиши керак. Бўрдоқиланаётган қўйлар қуруқ биноларда, қалин тўшамада сақланиб ҳаво ҳарорати +3 +50С, нисбий намлик 60-70 %, ёруғлик коэффициенти 1:25 бўлган биноларда боқилиб семиргандан сўнг гўштга жўнатилади.

    Назорат саволлари:

    1.    Қўйларни сақлаш усулларини айтинг.

    2.    Қўйхоналар қандай қурилади.

    3.    Қўйларни озиқлантиришни тушинтиринг.

    4.    Қўйларни жунини қирқишни айтинг.

    5.    Қўйлар қандай усулларда соғилади.

    6.    Қўзиларни ўстиришни тушинтиринг.

    7.    Насллик қўчқорлардан фойдаланишни айтинг.

      


     

     

     



     

     

     



     

     

     



     

     

     



     

     

     



     

     

     



     

     

     



     

     

     



    Мавзу:  ОТЛАР ГИГИЕНАСИ

    Режа:

    1.    Отларни сақлаш усулари ва отхоналар қуриш гигиенаси.

    2.    Отларни озиқлантириш, суғориш ва соғиш гигиенаси.

    3.    Ёш қулунларни ўстириш гигиенаси.

    4.    Ишчи отлар ва уларнинг эгар-жабдуқларига бўлган гигиена талаблари

    Адабиётлар

    1.    Сувонқулов Й.А. «Қишлоқ хўжалиги  ҳайвонлари гигиенаси»  Тошкент, 1994



    Қўшимча адабиётлар.

         1.  Кочиш И.И., Калюжный Н.С., Волчкова Л.А., Нестеров В.В.

              «Зоогигиена», Москва, 2008

    2.    Холмирзаев Д. «Йилқичилик», Тошкент, «Мехнат», 1990



    Таянч иборалар:

    Отхона, яйлов, уюр, ички жиҳозлар, суғориш, озиқлантириш, соғиш, ишчи, спорт, юк тортувчи отлар, эгар жабдуқлар, қулунларни ўстириш, қимиз, қон зардоби ва бошқалар.

     

    Йилқичилик чорвачиликни муҳим тармоғи бўлиб, отлардан қишлоқ жўжалигида, спорт уйинларида, чегара қўшинларида, ички ишлар вазирлиги соҳасида, ер ости конларида ишчи кучи сифатида фойдаланилади ва  маҳсулот олинади. Халқ хўжалигида 2,2 млн дан кўп от ишлатилади, бу 15  от кучига эга бўлган 150 мингта тракторга тенг демакдир.



             Статистик маълумотларга қараганда иккинчи жаҳон урушигача дунёда 90 млн от бўлган. 1980 йилга келиб дунёда 66 млн, Ўзбекистонда 89 минг бош от бўлган. Мустақил Ўзбекистонда йилқичиликни ривожлантиришга бўлган эътибор кучайтирилди. Отлар отхона ва яйловда уюр усулида боқилиб, отхоналарда алоҳида денник, стойлаларда ёки гуруҳ ҳолида сақланади. Ишчи отлар алоҳида стойлаларда боғланиб, наслли айғирлар, қулинли биялар ва чопадиган спорт отлари махсус денникларда сақланади. Отчилик фермалари учун ТЛМ 9-83 бўлиб, хўжаликлар йўналишига қараб; наслчилик, ишчи ва товар фермаларига бўлинади. Наслчилик хўжаликларида отхоналар 20, 40, 60, 80, ва 120 бош бияга мўлжалаб қурилади. Яйловда эса 100, 200, 300 бошгача биялар бирга боқилади. Гўшт етиштиришга мўлжалланган товар фермаларида 150 - 900 бошга, қимиз етиштиришда 50 - 150 бошга мулжаллаб қурилади.

    Наслчилик хўжалигида отхона 40 бошга мўлжаллаб қурилса, унда биялар, айғир ва ахталанган айғирлар сақланади. Онасидан ажратилган тойларни 80 бошига алоҳида бино қурилади. Насллик отлар учун қурилган отхоналарда денник, манеж (қочириш жойи), емхона, асбоб-анжомлар, эгар-жабдуқлар, навбатчилар, дағал озуқа ва тўшамалар, сунъий қочириш хонаси ва бошқалар бўлади. Ишчи отлар учун қурилган отхоналарда юқоридагилардан ташқари стойла, эгар-жабдуқларни таъмирлаш ва тақалаш устахонаси бўлиши керак.  Қимиз ишлаб чиқаришга мўлжалланган товар хўжалигида  эса соғиш хонаси бўлади. Ёш насллик тойларни сақлаш биноларида денник, манеж (эгарлаш), ўргатиш ва чиниқтириш майдони, душ хоналари, денник ва гуруҳда сақлаш учун алоҳида бўлимлар (секция) бўлади.

    Яйловларда ҳар бир от учун 0,3 - 0,5 га ер ажратилиб иложи бўлса тўсиқлар билан ўралади. Шамол ва ноқулай об-ҳаводан сақлаш учун шийпонлар қурилиб ичида охурлари бўлади. Ҳамма турдаги отчилик фермаларида ветеринария бўлими, тортиш жойи, суғориш қурилмаси, темирчилик, эгар жабдуқ устахонаси, озуқа омбори, гўнгхона, идора, маиший хизмат хоналари қурилади. Ёш тойлар учун қурилган бинолар бошқа отхоналарга қараганда баландроқ шамол эсадиган томондан қурилади.

             Отхона ва унинг ички жиҳозлари  технологияни лойиҳалаш меъёрига (ТЛМ 9-83) тўғри келиши зарур. Отхоналар асосан Г ва П шаклда қурилиб, стойла ва денниклар 2 қатор қилиб жойлаштирилади. Уларнинг орасидан кенглиги 2,6 - 3 м бўлган озуқа - гўнг йўли қилинади. От заводларида, отхоналарда озуқа - гўнг йўли 2 м кенгликда, девор томонидан қурилади. Отхонанинг бир қаторида 12 тагача денник, 30 тагача стойла жойлаштирилиб, бинонинг ўртасида бошқа қўшимча хоналар қилинади.       Насллик отлар отхонасининг баландлиги 3 м, ишчи отлар учун 2,4 м ва товар хўжалигидаги отхоналар учун  2,7 м ва манежнинг баландлиги 4,5 м бўлади. Бинолар иссиқ, ёруғ, қуруқ бўлиши ва вентиляция яхши ишлаши керак.

    Бир бош от учун стойла юзаси 5 - 5,5 м2, денник эса 10,5 - 12 м2, той гуруҳлари учун катаклар 5 - 7 м2 юзага эга бўлиши керак. Ишчи отлар сақланадиган жойлар (стойла) да отлар ораси ёғоч-болор ёки девор билан ажратилади. Унинг баландлиги охур томондан 1 м, орқа томондан 65 см бўлади. Денникларни ажратиб турадиган тўсиқлар пишган ғиштдан, панжарадан ёки яхши текисланган қалинлиги 5 см лик тахтадан 1,4 м баландликда қилинади.

             Охурлар стойланинг кенглигига тенг узунликда қурилиб, отлар дағал озуқаларни титиб чиқармаслиги учун устига олинувчи панжара қўйилади. Охурнинг бир учидан 40 см қисми ем учун ажратилади. Охурнинг устки кенглиги 60 см, пастки кенглиги 40 см ва чуқурлиги 30 см бўлади.

             Отлар гуруҳ ҳолида сақланса бинонинг бор бўйига ҳар бир от учун 1 м ва ёшларига 0,6 м ҳисобидан охур қилинади. Денникларда 2,1 м узунликдаги охур бир бурчагига ўрнатилади. Автосуғоргичлар денникларда битта, гуруҳ ҳолида сақланса ҳар бир от учун 0,6 м ҳисобидан сув охури қилинади. Сув охурининг ердаги баландлиги 0,9 - 1 м бўлади.

    Отларни озиқлантириш, суғориш ва соғиш гигиенаси - Отларни озиқлантиришда гигиена талабларига риоя қилиш уларнинг соғлигини, маҳсулдорлигини, ишчанлигини ошириш омили ҳисобланади. Озуқа рационини тузишда озуқанинг тўйимлилигига, таркибида протеин, минерал моддалар, микроэлементлар ва витаминлар (каротин, витамин Д, В, С) нинг етарли даражада бўлишига эътибор бериш керак. Қочиришдан олдин ва қочириш даврида айғирларни ҳар 100 кг вазнига 2 оз. бирлиги, бошқа вақтларда 1,6 оз. бирлиги берилади. Оғир юк ташувчи отларга 1,6 - 1,8 оз. бирлиги берилиб, таркибида ҳазм бўладиган протеин 130 г, кальций - 6 г, фосфор - 5 г ва каротин 30 - 35 мг бўлиши керак.

    Қулунли биялар сут даврида 100 кг тирик вазнга 2 оз. бирлиги берилиб, унда 100 г протеин, 6 - 7 г кальций, 5 г фосфор, 20 - 25 мг каротин бўлиши лозим.

    Отлар рационида кўпроқ беда, ем озуқа бўлиб, донли ўсимликларни похоли майдаланиб, буғлаб емга қўшиб берилади. Илдизмевали озуқалар ювилиб, майдаланиб, пишириб берилса яхши бўлади. Ботулизм касаллигини олдини олиш мақсадида маккажўхори ва кунгабоқар силоси берилади. Силосни тайёрлашда ифлосланишига ва тупроқ аралашишига йўл қўймаслик керак. Отлар учун энг яхши ем-  озуқалар бўлиб сули, арпа, майдаланган маккажўхори, кепак, кунжара ва нўхат ҳисобланади. Америкада отлар учун энг яхши озуқа бўлиб  12 ҳисса макка, 4 ҳисса сули ва 1 ҳисса кунжара қўшилган рацион ҳисобланади.

    Оғир иш бажарувчи отларга чошгоҳда 1 - 1,5 соат, тушда 2 - 3 соат, пешинда 1 - 1,5 соат дам берилади. Кечасидан тонггача озуқа бериб боқилади. Отларни иштахасини ошириш учун биринчи дағал озуқа, кейин сувли, ундан кейин ем ва охирида яна дағал озуқа берилади. Овқат ҳазм қилиш органларини касалликдан сақлаш учун, отларни ишга чиқаришдан олдин ва дам беришдан кейин тезда озуқа берилмайди, яъни озиқлантирилгандан 50 дақиқадан кейин ишга чиқарилади ва ишдан кейин 1 соат ўтгач озиқлантирилади. Бундан ташқари 1 тур озуқадан 2-турга ўтишида ҳам эҳтиёт бўлиш зарур. Ўрганмаган озуқа таъсирида ҳазм қилиш бузилади, ич кетади, қотади, санчиқ ва метеоризм пайдо бўлади.. Чириган, моғорлаган, ҳидланган, музлаган, заҳарли ўтлар, қум-тупроқ аралашган озуқаларни бериш қатиян маън қилинади.

            Отларни суғориш - Отлар кўпинча 3 марта, ёз пайтлари 5 - 6 марта суғорилади. Иссиқлаган вақтда суғорилса санчиқ белгилари ва туёқда ревматик шамоллаш пайдо бўлади. Ишдан кейин тери қотиши учун дам берилади. От бадани совигандан ярим соат ўтгач ярим челак, яна ярим соатдан сўнг тўйганича сув берилади. Агар иш вақтида суғорилиб ишини дарров давом этказиши мумкин. Иш тугашдан 30-40 дақиқа олдин суғорилса, от иштаҳа билан озиқланади. Ем озуқалардан кейин суғорилса дамлайди, яъни арпа, сули, жавдарлар шишади ва ачиш жараёни кечади. Шунинг учун емдан 40 - 50 дақиқа олдин ёки емдан 2 соат кейин суғорилади.

          Ҳар хил касалликлар бўлмаслиги учун тўғри келган сувдан берилмайди, ёки музлаган сувни музини ёриб ичирилмайди. Бу  эса шамоллаш ёки бола ташлашга сабаб бўлади. Буғоз бия учун сувнинг ҳарорати +100С дан кам бўлмаслиги керак.



    Бияларни соғиш  - Бияларни соғиб, шифобахш қимиз қилиш қадим замондан маълум. Ҳозирги кунда йил давомида қимиз билан таъминлаш мақсадида қуритилган сут кукунлари  ҳам тайёрланмоқда.

    Бияларнинг энг кўп сут бериш даври 7 - 12 ёши бўлиб, қимизни яхши бўлиши яйлов шароити, тайёрлаш технологияси ва озуқани тўйимлилигига боғлиқдир. Соғиш жойларида алоҳида шийпон ва қулунларни ажратадиган жойлар тайёрланади. Биялар кун давомида яйловда боқилиб, яна қўшимча 2-3  кг дан ем берилади. Яхши сут берадиган бия кунига 10 - 24 литргача, йил давомида 1000 литргача сут бериб, шунинг 50 - 70% ини қулунлар эмади. Соғиладиган биянинг сути кўпайиб ўзи ориқлаб борса рациони 12 - 13 оз. бирлигига етказилиб, ширали, илдизмевали озуқалар микдори оширилади. Қишда эса доимо сенаж ва  ўт унлари бериб борилади.

    Бияларни соғиш даврида қулунлар 2 - 3 соат, кейинчалик аста - секин вақт кўпайтирилб 14-18 соат бия билан сақланади. Қулун туғилганидан 30 - 40 кун кейин биялар кунига 5 - 6 марта соғилади. Бияларнинг сут бериш микдорини камайишига - соғиш жойларини тез ўзгартириш, шовқин-сурон, бегона одамларни келиши, ҳалат алмаштириш ва бошқалар сабаб бўлади. Қулунларни сутга қўйиш ҳар доим бир вақтда бўлади. Агар бия безовта бўлса ёки охурни камира бошласа соғишни тез тўхтатиш керак.

    Қулунларни ўстириш гигиенаси - Бияларни туғиши кўпинча март, апрел ойларига, баъзан ҳавонинг нам ва совуқ вақтига тўғри келиши мумкин. Шунинг учун отхоналар иситилиши, елвизаклар ёпилиши ва ҳаво ҳароратини отхонада +6 + 100С атрофида сақлаш лозим. Айниқса биялар туғадиган жойлар санитария-гигиена талабига жавоб бериши керак.

           Соғлом туғилган қулун тезда оёққа туриб, онасини  елинини излай бошлайди, энг асосийси туғилгандан 0,5-1 соат кейин оғиз сути беришдир. Агар баъзи сабабларга кўра қулунча эма олмаса ҳар 1-1,5 саотда онасини сутидан эмизик орқали эмизилади. Қулун кучга киргандан кейин онасини эмиб кетади. Агар бия боласини олмаса,  у ҳолда қулунчани ўзи билан бир кунда туғилган бияни эмизиб ўргатилади. Янги туғилган қулунчалар кўпинча биринчи тезаги чиқмай қолиши мумкин, бундай ҳолатда тезда клизма қилинади. Баъзан қулунларни орқа чиқарув тешиги ёпиқ туғилади, бундай ҳолда ветеринария врачи ёрдам  кўрсатади. Ишлаб чиқариш амалиётида қулунлар сигир сути билан ҳам боқилади. От сутидан сигир сутининг фарқи шуки, сигир сутида ёғ ва оқсил кўп, аммо шакар кам бўлади. Шунинг учун иссиқ сувда эритилган шакардан 1 л сутга бир қошиқ солинади. Сут янги ва ҳарорати 36 - 380С бўлиши лозим. Қулунларга биринчи 2 ойлигида ҳар 1,5 - 2 соатда, кейинчалик кунига 4 - 5 соатда берилади. Қулунлар 1 ёшгача жуда тез ва яхши ўсади. Шунинг учун бияларга яхши, сифатли ва тўйимли озуқалар бериб борилади. Агар қулунлар кучсиз, заиф туғилса совуқга, намликга ва ҳавонинг ҳароратига сезувчан бўлади, қалтирайди. Бундай вақтда уларнинг танасини, оёқларини уқалаш, иссиқ ва майин тўшама солиш зарур. Туғилгандан 3 - 5 кун кейин онаси билан бирга 30 - 40 дақиқага ташқарига чиқарилади ва аста-секин вақт узайтириб ўргатиб борилади. Айниқса қулунларни зах, совуқ ерда ётиб қолмаслигига эътибор бериш лозим.

    Қулунлар кунига 20-30 маротаба онасини эмганлиги учун уларни узоқ ажратмаслик, аравага қўшилаган бияларни тез ҳайдамаслик керак. Қулунлар онасидан эрта ажратилса яхши ўсмайди. Ишлатиладиган бияларнинг қулуни 5-6 ойлигида, насллик бияларники - 8 ойлигида ажратилади. Эркак тойлар 2 бошдан денникда сақланиб тозалашга, қашишга, туёғини тозалашга, нуқта, юган уришга ўргатилиб берилади ва ҳар куни яйратишга чиқарилади. Очиқ ҳавода ҳаракат қилиши ўсишига, суякларини мустаҳкамланишига ва ҳар хил касалликларга чидамли бўлишига ёрдам беради. Уларга сифатли, тўйимли хилма-хил озуқалар берилади. Кунлик озуқа рационида дуккакли, донли ўсимликлар пичани, сенаж, сабзи ва бошқалар бўлиши лозим. Сабзини таркибида каротиин кўп бўлганлиги учун организмни чидамлилигини оширади, овқат ҳазм қилиш органларини ишини яхшилайди. Уюрда боқилаётган бияларни қулунлари куз ва кўкламда ажратилади. Кузда ажратилганлари зоогигиеник талабларга жавоб берадиган боқилади, кўкламда ажратилганлари сер ўт яйловга ўтказилади. Тойлар икки ёшга киргандан бошлаб нуқта, эгар - жабдуқ, юриш, енгил юк ва бошқаларга ўргатиб борилади. Уларни яхши от қилиб тайёрлашда ўргатувчининг илми ва тажрибаси, такрорий ва доимий машғулоти, отга бўлган меҳри, чидамига, зарур бўлганида отни жазолаш ва эркалатиш йўлини билиши, характерига қараб муомала қилиш ва бошқаларга боғлиқ бўлади.

    Ишчи отлар ва уларнинг эгар-жабдуқларига бўлган гигиена талаблари - Отларнинг соғлигини сақлаш ва иш унумини оширишда улардан ишчи кучи сифатида тўғри фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Бажариладиган иш отнинг кучига қараб бўлинади. Иш ҳаддан ташқари кўп ишлатмаслик керак, чунки бу  иш унумдорлигини пасайтиради ва уларни турли касалликларга йўлиқтиради. Отлар 4-5 ёшида тўлиқ кучга киради. Отлар соғлигига зарар етказмай, максимал даражада ишлаши куйидагиомилларга боғлиқдир:

    1.    Отнинг семизлиги, ёши ва вазнига

    2.    Отни ишга тайёрлаш ва машғулотлар ўтказишга

    3.    Отга  мос эгар-жабдуқларни танлашга

    4.    Отни вақтида озиқлантириш, суғориш ва дам беришга

    5.    Иқлим шароити, ер тузилиши, йўлнинг аҳволига

    6.    Отнинг физиологик ҳолати  ва ҳ.к. боғлиқ бўлади.

    Отнинг иши юкни қанча масофага тортиб бориши билан ўлчанади (кг/м, кг/км, тонна/км). Ишчи отлар кунига 10 - 12 соат, мавсум вақтларида 12-14 соатгача ишлатилади. Иссиқ ҳавода, намлик кўпайганда улар тез чарчайди. Шунинг учун соя салқин жойларда дам берилади, отхоналарга киритилади. Ишдан кейин оёқ - туёқларига, эгар - жабдуқлар тагига диққат билан қаралиб тозаланади.

           Эгар-жабдуқларига - юган, бўйинтуруқ, эгар, айил, ўзанги, тўхтатувчи тасма, шоти тасмаси, эгарчани кўтариб турадиган тасма, шоти занжирчаси, томоқбов, қулоқбов, чирги, жобув, томоқ тасма, қўшқоқ ва бошқалар киради. Бу эгар-жабдуқлар ҳар бир отнинг ўзига мос, ўлчамига тўғри бўлиши зарур. Бу отларни бошқариш, ишлатиш ва минишда ёрдам беради, тортиш кучини оширади. Агар эгар-жабдуқлар мос келмаса мускулларни босади, нафас олиш, қон айланиш қийинлашади, иш унуми пасаяди. Кўпинча отларнинг бўйнида, елкасида, белида, сағрисида яллиғланиш пайдо бўлади. Уларни эгар-жабдуқлари маҳкам, енгил, мустаҳкам, оддий бўлиб, зарур вақтда тез алмаштириладиган, от гавдасига мос ва танасига ботмайдиган бўлиши керак.                                             

                                                      Назорат саволлари:

    1.    Отларни сақлаш усулларини айтинг.

    2.    Йилқичиликнинг халқ хўжалигидаги аҳамияти.

    3.    Отхоналарда микроиқлим кўрсатгичларини айтинг.

    4.    Қулунларни ўстиришни айтинг.

    5.    Отларни озиқлантириш меъёрлари.

    6.    Отларни эгар-жабдуқларини танлашни айтинг.

     

     

     



     

     

     



     

     

     



     

     

     



     

     

     



     

     

     



    Мавзу: ЧЎЧҚАЛАР ГИГИЕНАСИ

    Режа:

    1.     Чўчқаларни сақлаш усуллари ва чўчқахона қуриш гигиенаси.

    2.     Она чўчқаларни сақлаш, озиқлантириш ва суғориш гигиенаси.

    3.     Наслли эркак чўчқалар гигиенаси

    4.     Чўчқа болаларини ўстириш ва бўрдоқилаш гигиенаси

    Адабиётлар

    1.    Сувонқулов Й.А. "Қишлоқ хўжалиги  ҳайвонлари гигиенаси" 

        Тошкент, 1994 й.

    Қўшимча адабиётлар.

    1. Медведский В.И. «Содержание, кормление и уход за

        животными». Минск, 2007

    2. Кочиш И.И., Калюжный Н.С., Волчкова Л.А., Нестеров В.В.

        «Зоогигиена», Москва, 2008

    Таянч иборалар:

    Станок, яйлов, чўчқахона, лагер, гуруҳлар, озиқлантириш, суғориш,   парваришлаш, сақлаш, жой меъёрлари, микроиқлим кўрсатгичлари, озиқа сарфи, ҳазмланувчи протеин, микроэлементлар, витаминлар ва бошқалар.

     

    Қишлоқ хўжалик ҳайвонлари орасида чўчқалар тез етилувчан ва иқтисодий томондан жуда катта фойда етказувчи тармоқ бўлиб ҳисобланади.. Масалан, чўчқа боласи туғилганда 1-1,2 кг, бузоқ эса 30-32 кг бўлса: 6 ойлигида чўчқа 20 кг бузок, бузоқ 140 кг га етади, яъни бир йилда чўчқа боласининг тирик вазни 100 баравар, бузоқ эса 6 бараварга ортади. Чўчқа болаларининг сони ўртача 7-8 та бўлиб бир йилда 2 марта туғади. Чўчқа боласининг 1 кг тирик вазн ошишига 5-6 оз. бирлиги, бузоқ учун эса 10-12 оз. бирлиги сарфланади.  Чўчқа болаларининг гўшт чиқими 75 - 85%, бузоқники эса 50 - 60% ташкил этади. Агар соҳага механизация ва илғор технология жорий этилса бир киши 100-120 бош бузоқга ёки 1000 бош чўчқага қарай олади. Шундан кўриниб турибдики, чўчқачиликни ривожлантириш фойдали ҳисобланади. Мустақиллик йиллари чўчқачиликга эътибор сустлашганлиги туфайли чўчқалар бош сони камайиб кетди.



    Чўчқачилик фермалари хўжаликни  йўналишига қараб наслчилик ва товар хўжаликларга бўлинади. Наслчилик хўжаликлари янги зот яратади ва товар хўжалик учун ёш чўчқаларни етказиб беради. Товар хўжаликлари эса гўшт етказади.

    Чўчқачилик фермалари 2 - 86 ТЛМ асосида қурилиб, наслчилик йуналишида бўлса 50, 100, 200 бош она чўчқага, товар хўжаликларида 100, 200 ва ундан кўп она чўчқага, бурдоқичилик йуналишида 2 - 3 минг бошга мулжалланади. Чўчқачилик фермаларида она чўчқалар (2 ва 4 қаторли станок учун), эркак чўчқалар, онасидан ажратилган чўчқа болалари ҳамда 2000 бош бўрдоқи чўчқалар учун бино мўлжалланади. Фермер хўжалигида мавжуд бош сонига ва келгусида кўпайтириш режасига асосан қурилади.

    Чўчқалар асосан яйратиб ва яйратилмасдан сақланади. Бундан ташқари чўчқалар сақлаш технологияси буйича 3 усулда боқилади:

    Бир фазали сақлаш – бу усулда она чўчқалар болаларини эмизиш даври тугагандан сунг қочириш цехига утказилади. Онасидан ажратилган чўчқа болалари то гўштга топширилганча шу бинода бўрдоқиланади.

    Икки фазали сақлаш – бу усулда онасидан ажратилган чўчқа болалари то 3-3,5 ойлик ёшигача шу бинода қайта жиҳозланган станокларда сақланади. Кейин ўстириш ва бўрдоқилаш цехига утказилиб тирик вазни 110-120 кг булгунча боқилади.

    Уч фазали сақлаш – Бу усулда чўчқа болалари онасидан 21, 26, 30, 35, 42 кунлигида ажратилиб 20-25 бошдан гуруҳли катакларда тирик вазни 36-40 кг га етгунча 106-120 кун ўстирилади. Кейин бўрдоқилаш цехига утказилиб тирик вазни 112 кг булгунча 222 кун бўрдоқиланади.

    Она чўчқалар биносида - станоклар, инвентар ва тўшамалар, қочирилган чўчқаларни сақлаш хоналари, сунъий қочириш пункти ва хизматчилар хонаси бўлади. Бўрдоқичилик хўжалигида тарозихона ҳам бўлиши керак. Чўчқачилик фермасида озуқа тайёрлайдиган цех, ветеринария жиҳозлари, автотарози, сув иншоатлари, канализация, электр ва иссиқлик билан таъминлаш тизими, ички йўлаклар, озуқа омборлари, гўнгхона, автогараж, хизматчилар учун ветеринария санитария кузатув хонаси ҳамда ҳожатхона бўлиши шарт. Ферма атрофи девор билан ўралиб, ягона кириш дарвозасида дезобарьер жиҳозланади.

    Чўчқачилик бинолари лойиҳа асосида қурилиб иқтисодий ва технологик жараён талабига жавоб бериши ҳамда зоогигиеник меъёрларни таъминлашга қулай бўлишига аҳамият берилади. Чўчқахона ўртасидан бўлиниб, озиқлантириш учун ошхона қилинади. Қўшимча бинолар чўчқахонанинг икки чеккасида қурилади. Станоклар 2 ва 4 қаторли қилиниб, станоклар оралиғидан озуқа - гўнг йўли учун кенглиги 1,4 - 1,6 м йўл қўйилади. Девор томондан одам ўтиши учун йўлак қилинади.

    Станокни юзаси товар фермаларида 5 м2, наслчилик фермасида 6 м2 бўлади. Ҳар иккита станок орасида болаларини эмизиш учун 2 - 2.5 м2 дан жой ажратилади.  Станок девори баландлиги 1,1 м бўлган панжаралардан қилинади. Гўнг суюқлиги оқиши  қўлай бўлиши учун поли қия қилинади.  Ён томондан озиқланиш станогига ўтиш учун 30-40 см ўлчамдаги эшик қўйилади. Болаларини она чўчқа босиб олмаслиги учун станокни ён томонларидан 25 см ичкаридан тўсиқлар қилинади. Станокга кириш эшиклари кенглиги 70 см қилиниб ташқарига очилиши керак. Озиқланиши учун ўз ўқи атрофида айланадиган кенглиги 30 см бўлган охурлар қилинади. Айланадиган охур полдан 3 - 5 см баландроқ қурилиб қулайлик туғдириши керак. Болаларни эмизадиган станокларда иситиш ва болаларни қуритиш учун иситкичлар ва инфрақизил нурли лампалар ўрнатилади. Автосуғоргич бўлиши шарт. Суюқ озуқалар учун алюминийдан тайёрланган охурлар қўйилади. Чўчқахонанинг жанубий қуёш тушадиган томонидан яйратиш майдони қилинади. Ҳар бир она чўчқа учун яйратиш майдони 10 м2,  ҳар бир боласи учун эса 1 м2   ҳисобидан қурилади.

    Наслчилик хўжалигида эркак чўчқалар алоҳида, товар хўжаликларида она чўчқа сақланадиган биноларда сақланади. Эркак чўчқалар 2 қаторли станок қўйилган бинода сақланиб ҳар бирига 7 м2  жой ажратилиб, станок атрофи  1.4 м баландликда панжара қилинади. Товар хўжалигида 10 бошгача гуруҳда сақланиб ҳар бирига 2,5 м2 жой ажратилади.

    Онасидан ажратилган чўчқа болалари учун бинода 2 қаторли станок қилиниб, ҳар станокда 30 бошгача ҳар бошга 0,25 - 0,3 м2 жой ажратилиб, баландлиги 1,1 метр панжара билан ўралади. Буйдоқ ва енгил буғоз чўчқалар учун - наслчилик хўжалигида 1,8 м2, товар хўжалигида 1,5 м2 жой ажратилиб, ҳар гуруҳда 20-25 бошдан сақланади. Бўрдоқи чўчқалар учун бинода станоклар 2 қаторли қилиб, озуқа йўли 2-2,5 м бўлиб, ёш чўчқалар учун                0,5 м2, катталарига 0,7 м2 дан жой ажратилади ва чўчқалар гуруҳ ҳолида атрофи 1,1 м баландликдаги панжарали станокларда сақланади. Эркин боқиладиган чўчқалар учун чўчқахоналар асосан мамлакатимизда кўп қурилади. Озуқа гўнг йўли яйраш майдонига чиқадиган эшик томонга қурилиб, ҳар 30 бош ёш чўчқа учун бир эшик, бурдоқичиликда  100 бошга, катта ёшли чўчқаларни 20 бошига бир эшик мулжалланади. Эшикларни ўлчамлари онасидан ажаратилган чўчқа болалари  учун 0,3 х 0,4 м2, бурдоқиларга 0,5-0,8 ва катта ёшли чўчқалар учун 0,6 - 0,9 м2 бўлади. Яйратиш майдони асфальтланган ёки бетонланган бўлиб, ҳар бир чўчқа  болаларига 0,8 м2, бурдоқига 1,2 м2, катта чўчқаларга 2,5 м2 жой ажратилади, Ҳамма чўчқахоналарга охур ва автосуғоргичлар ўрнатилади. Катта чўчқалар учун охурнинг баландлиги 25 см, устки ва остки кенглиги 50 см дан қилинади. Онасидан ажратилган чўчқа болалари учун эса 30 ва 15 см бўлади. Ҳўл озуқалар учун катталарига 40 - 50 ва 20 см , болаларига 25, 20 ва 15 см ва эмадиган болалари учун 15, 10 ва 10 см қилинади. Охур ва суғоргичлар силлиқ, намлик ўтказмайдиган, дезинфекция ва тозалаш учун осон бўладиган материаллардан қилинади.

    Эркак чўчқалар озиқланиши учун охур кенглиги 50 см, она чўчқалар учун 40 см, бурдоқиларга 30 см, болаларига 20 см бўлади. Ҳамма чўчқахоналарда касал ва ночор чўчқалар учун санитар станоклар бўлиб алоҳида озиқлантирилади. Иш унумдорлигини ошириш ва ишни енгиллаштириш мақсадида озуқа тарқатиш, суғориш, гўнг чиқариш, ҳаво алмаштириш каби ишларни бажаришда механизацияни кенг жорий этиш зарур.

    Она чўчқаларни сақлаш, озиқлантириш ва суғоришда  гигиена талаблари -  Она чўчқаларни танлашда мустаҳкам конституцияли соғлом серсут ва кўп бола туғадиганлар ажратилади. Буғозликнинг 2 - ярмида чўчқаларнинг тўйимли озуқаларга бўлган талаби 10 – 15% га ошади. Буғоз чўчқалар ориқ бўлса болалари нимжон, кам қувват туғилиб, кўп яшамайдиган бўлади. Она чўчқалар эса кам сут бўлади. Ёш она чўчқалар буғозлик даврида 40 - 50 кг га, катталари эса 30 - 40 кг га ортади.

    Буғозликнинг биринчи ярмида тирик оғирлиги 200 кг бўлган чўчқага кунига 3,3 оз. бирлиги берилиб, бир оз. бирлиги таркибида 365 г протеин, 17 г кальций, 12 г фосфор, 35 мг каротин ва 33 г ош тузи берилади. Шу чўчқага буғозликнинг 2-ярмида 4 оз. бирлиги берилиб, бунда 1 оз. бирлигида 500 г протеин, 36 г кальций, 23 г фосфор, 50 мг каротин ва 45 г ош тузи бўлиши керак.

             Буғоз чўчқалар рационида 10-15% дағал, 15-20% сувли, 5% ҳайвонат оламидан олинадиган озуқалар ва қолган қисми ем озуқа бўлади. Она чўчқаларни туғишига 5-10 кун қолганда рацион таркиби асосан сувли озуқа ҳисобига 20-25% га қисқартирилади. Туғишига              2 кун қолганда ва туққандан кейин 2 кун ичида юмшатувчи озуқа яьни буғдой кепагидан атала қилиб берилади. Бу озуқа ичакларни ишини енгиллаштиради, туғишни осонлаштиради ва мастит касаллигини олдини олади. Буғоз чўчқаларга фақат сифатли озуқа берилади, акс ҳолда ҳар хил касалликлар билан касалланади, эмбрион ўлади ва бола ташлайди. Буғозликнинг 3 - 3,5 ойлигигача гуруҳ ҳолда станокда сақланади, туғишига 15 - 20 кун қолганда эса алоҳида станокка ўтказилади. Кунига камида кунига 1 - 1,5 км юргизилади. Ёзда  лагер яқинида боқилади ва туғишга 5 кун қолганда туғиш катагига ўтказилади.

             Доимо танаси ва туёқлари тозаланиб турилади, туққанидан кейин биринчи кунларида ич қотиш, юришмаслик ҳолатлари учраб туради. Шунинг учун туққандан кейин совуқ сув берилмайди ва 5-6 соатдан кейин атала берилади. Куннинг 2 - ярмидан ем, ўсимлик уни, кўк ўт берилади, 10-15 кундан кейин боласининг сонига қараб тўлиқ рационга ўтказилади. Чўчқа болаларини сақлаб қолиш ва яхши ўсиши уларни эмиш даврига боғлиқ бўлади. Ёш она чўчқаларнинг ҳар 100 кг тирик вазнига 2 оз. бирлиги, катта она чўчқаларга 1,5 оз. бирлиги берилади. Бундан ташқари ҳар бир боласи учун қўшимча 0,4-0,5 оз. бирлиги берилади. Эмизадиган чўчқаларнинг озуқа рациони доимо аминакислоталарга, минерал моддалар, микроэлемент ва витаминларга текширилиб борилади. Болаларини овқат ҳазм қилиш органларини иши бузилмаслиги учун янги турдаги озуқа рационига аста-секинлик билан қўшиб борилади. Охурлар яхшилаб тозаланади, вақти-вақти билан ишқорли иссиқ сув билан ювилиб турилади. Болалари кунига камида 3 марта эмизилади. Она чўчқалар турадиган пол иситиладиган, яхши, текис ва нишаб қилиб қурилган бўлиши зарур. Она чўчқалардан  йилига 2 ва ундан кўп марта бола олиш учун график асосида иш олиб бориш керак.

    Насллик эркак чўчқалар гигиенаси - Наслнинг сифати, соғломлиги унинг эмбрион даврида ўсишига, туғилгандан кейин  озиқлантириш, сақлаш ва парвариш қилишга ҳамда насл олишда ундан тўғри фойдаланишга боғлиқдир. Наслли эркак чўчқа доимий оғирликка, соғлом ва юқори жинсий ҳаракатга эга бўлиши лозим. Қочириш вақтида ўртача семизликда, бошқа вақтда эса юқори семизликда бўлиши керак. Жуда ортиқча семириш ёки ориқлик уруғ сифатини бузилишига, жинсий рефлексларни пасайишига сабабчи бўлади. Бу эса она чўчқаларни қисир қолишига ёки туғилган болаларини нимжон, кам қувват бўлишга сабаб бўлади.

    Насллик эркак чўчқалар озуқа рационида протеин, аминакислоталар, минерал моддалар(Cа, Р, Nа, Мп ва ҳ.к.), микроэлементлар ва витаминлар етарли миқдорда бўлиши керак. Уларни озиқлантириш кунига 3 марта утказилади. Сув эса хоҳлаганича ичиши мумкин.  Эркак чўчқаларни жинсий аъзолари ифлос бўлмаслиги учун қуруқ, юмшоқ тўшамадан фойдаланилади.          Наслли чўчқаларни кунига яйратиб туришни фойдаси жуда каттадир. Улар ҳаддан ташқари семириб кетмайди. Импотенция ва онанизмни олди олинади, жинсий активлик кучаяди ва уруғнинг сифати яхшиланади. Эркак чўчқалар 10-12 ойлигидан қочиришга қўйилиб, биринчи йили 10 - 12 бош ва кейинги йиллари 20 - 30 бош она чўчқага қўйилади. Суньий қочиришда бир эркак чўчқа уруғидан 200 бош она чўчқани қочириш мумкин.

    Чўчқа болаларини ўстириш ва бўрдоқилашга бўлган гигиеник талаблар - она чўчқаларни туғиши кўтилса кеча-кундузлик навбатчилар қўйилади ва у ерда зарурий шароит олдиндан тайёрланиб қўйилади. Қиш ва эрта баҳорда туғадиган бўлса чўчқахоналар иситилади. Туғиш жараёни тугагандан сўнг санитария ишловлари ўтказилиб чўчқа болалари эмишга қўйилади.

             Она чўчқаларни олдинги ва ўртадаги елин сурғичларида сут кўп бўлади. Шунинг учун ночор, майда туғилган болалари олдинги сурғичларга қўйилади  ва доимо улар шу сурғични ўзлари эгаллайди. Агар туғилган болалари 14-16 та бўлса 2 гуруҳга бўлиб, навбати билан эмишга қўйилади ёки кам болали чўчқаларга ҳам қўйиш мумкин (кучсиз креолин эритмасини ўзини ва ўгай болалари устига суртилади). Яхши она чўчқа биринчи кунларида кунига 20 мартагача эмизади.  Касалликларни олдини олиш учун она чўчқа елини ва сурғичлар калий перманганатнинг кучсиз эритмаси Билан (1:15000) артиб турилади. Чўчқа болаларпини кўплаб ўлишига асосан озиқлантирш ва санитария гигиена қоидаларини бузилиши сабаб б бўлади.

            Чўчқа болаларини асосий озуқаси сут бўлиб, шунинг учун она чўчқа сутини кўпайтириш чораларини кўриш керак. Яхши серсут чўчқа 2 ойда 300 -  500 литргача сут беради, яъни кунига ўртача 5-8 литрга тўғри келади. Болаларига сут етишмаганда қўшимча озуқалар яъни сигир сути, донли ва витаминли озуқалар, минерал моддалар ва бошқалар бериб борилиши керак. Чўчқа болаларига 4-5 кунлигидан бошлаб бўр, суяк уни, дарахт кўмири берила бошланади.

            Куз, қиш ва эрта баҳорда туғилган чўчқа болалари организмида темир моддаси етишмайди. Натижада элементар анемия касаллиги бошланади яъни ўсишдан тўхтайди ва касалланади. Шунинг учун ҳаётининг 3-4 кунилигидан бошлаб темир глицерофосфот ёки темир сулфатни 0,25% ли эритмаси илиқ сувга аралаштириб берилади. Шу эритма билан онасини елини, сурғичлари ҳулланади ёки озуқага қўшиб, ҳар бирига 20 мл дан берилади. 8-10 кунлигидан бошлаб кунига сигир сутидан 50-75 мл дан берилади, 20 кунлигидан ёғсиз сутга ўтказилади. Бундан ташқари касалликларни олдини олиш учун бевосита биовит-40, озуқа биомицини, сунъий сут берилади. Чўчқа болаларини ҳаётини биринчи кунидан бошлаб қайнатилган сув совитиб берилади. 20 кунлигидан бошлаб ҳар хил озуқаларга ўргатилиб борилади. Чўчқа болалари туғилган биринчи кунлари ҳарорат +220 - 280С ва бир ҳафтадан кейин +150 - 200С келтирилади, нисбий намлик  65-70 % бўлиши керак. Туғилган чўчқа болаларининг киндиги кесилиб йод суртилиб,  тумшуқлари артиб тозаланади. Баъзан ярим ўлик ҳолда туғилиши мумкин. Бундай вақтда чўчқа боласи +500С ли сувга тиқилса ҳаётга қайтиши мумкин. Чўчқа болалари ҳаётининг 2 - ҳафтасидан бошлаб яйратилади. Биринчи кунлари 10 дақиқа, кейин ҳар 2-3 кунда 5 дақиқа қўшилиб, 2 ойлигида 1 соатга етказилади. Эркаклари 45 - 60 кунлигида бичилади. Яхши шароит бўлса 30 -40 кунлигида онасидан ажратилади. Ажратилган чўчқа болалари биринчи куни 4 марта, 2 - куни 3, 3 - куни 2 ва 4 - куни 1 марта эмизилиб, кейин бутунлай тўхтатилади.

    Чўчқаларни бўрдоқига боқишда зоти, ёши, жинси, озиқлантириш ва сақлаш шароитига эътибор берилади. Чўчқалар ветеринария куригидан ўтказилгандан кейин жинси, ёши ва вазнига қараб гуруҳ қилинади. Эркак чўчқа болалари бичилиб, кейин бурдоқига қўйилади. Гуруҳлардаги чўчқалар вазни орасидаги фарқ 3-5 кг дан ошмаслиги керак. Пучак қилинган эркак ва урғочи чўчқалар 2,5 - 3 ой давомида жадал равишда боқилади.

           Бўрдоқига ажратилган гуруҳда 20-30 бош бўлиб, зоогигиеник меъёр талабига жавоб берадиган чўчқахоналарга жойлаштирилади. У ерда ҳарорат +150 - 160С, нисбий намлик 70 % дан ошмасин. Булар ўзгарса ўсиш ҳам ўзгаради. Масалан, ҳарорат +25 - 300С га кўтарилса +160С нисбатан ўсиш 20 % камаяди. Улар боқиладиган биноларда ёруғлик кам бўлиши лозим. Ёзни иссиқ пайтлари чўчқахоналарни эшик, ойналари очилиб шамоллатилиши керак. Агар ҳарорат жуда кўтарилиб кетса чўчқаларни ўзига ва полга сув сепилади, тўшамалар камайтирилади. Худди шунингдек ҳавони намлиги ортиб ёки жуда камайиб кетса ҳам ўсишда ўзгаришлар бўлади.

           Чўчқаларга ҳайвонот оламидан олинадиган озуқалар, омухта ем берилади. Бундан ташқари пичан  уни аралаш силос, кўк ўт, картошка, лавлаги, сабзи, полиз ўсимликлари, сут-гўшт, балиқ саноати чиқиндилари берилади. Ем озуқалар илдиз мевали озуқаларга майдаланиб аралаштирилиб берилади. Бериладиган озуқалар сифати ва тўйимлилиги талаб даражасида бўлиши керак.

    Назорат саволлари:

    1.    Чўчқаларни сақлаш усулларини айтинг.

    2.    Чўчқахоналарни қуришга бўлган гигиеник талаблар.

    3.    Чўчқаларни озиқага бўлган талаби.

    4.    Чўчқахонадаги микроиқлим кўрсатгичлари

    5.    Чўчқа болаларини онасидан ажратиш усуллари.

    6.    Насллик эркак чўчқаларни ўстириш ва бўрдоқилашни айтинг.

     

     

     



     

     

     



     

     

     



     

     

     



     

     

     



     

     

     



     

     

     



     

     

     



     

    Мавзу: ПАРРАНДАЛАР ГИГИЕНАСИ

    Режа:

    1.    Паррандаларни сақлаш усуллари ва паррандахоналар қуриш гигиенаси.

    2.    Товуқларни озиқлантириш, боқиш, гўшт ва тухум етказишда гигиена талаблари.

    3.    Инкубация ва жўжаларни ўстириш гигиенаси

    4.    Курка, ўрдак ва ғозларни сақлашда гигиена талаблари.

    Адабиётлар


    1. Сувонқулов Й.А. "Қишлоқ хўжалиги  ҳайвонлари гигиенаси"  Тошкент, 1994 й.

    Қўшимча адабиётлар.

    1. Кузнецов А.Ф., Демчук М.В. – «Гигиена сельскохозяйственных

        животных» Москва, 1991


    1. Медведский В.И. «Содержание, кормление и уход за животными». Минск, 2007

    3.    Кочиш И.И., Колюжный Н.С., Волчкова Л.А., Нестеров В.В. «Зоогигиена», Москва, 2008

    4. Селянский В.И. «Микроклимат в птичниках» Москва, 1995



    Таянч иборалар:

    Паррандахона, парранда фермаси, фабрикаси, полда, катакда, кўп қаватли катакда, товуқ, курка, ғоз, ўрдак, озиқлантириш, суғориш, микроиқлим кўрсатгичлари, солярий, яйратиш, тўшама, инкубация, жўжаларни ўстириш ва бошқалар.

     

             ХХ аср охирларида Ўзбекистонда 29 млн бош парранда бўлиб, 770 млн дона тухум етказилган. Вазирлар маҳкамасининг йиғилишларида паррандачиликни ривожлантириш, бош сонини кўпайтириш, халқимизни парҳез гўшт ва тухумга бўлган талабини қондириш борасида қатор қарорлар қабул қилинди.  Бир йилда жон бошига Америкада - 247, Францияда - 262, Венгрияда - 315 ва Россияда - 240 дона тухум ишлаб чиқарилади. Бизда эса бу кўрсаткич 112 донани ташкил этади. Шундан кўриниб турибдики, паррандачиликни ривожлантириш ва  маҳсулдорлигини кўпайтириш асосий вазифалардан бири ҳисобланади.



             Паррандалар учун қуриладиган паррандахоналар сақлаш усулига қараб мослаштирилади. Паррандалар асосан полда ва катакли батареяларда сақланади. Эркин ҳолда алмаштириладиган ёки алмаштирилмайдиган қалин тўшамаларда сақланса ичига қўноқлар қилинади ёки қўноқсиз бўлади. Алоҳида ёки гуруҳ ҳолида катакларда сақланса бошқа паррандахона, лагер шароитида сақланса бошқа бинолар қурилади.

    Паррандалардан асосан тухум, гўшт ва қўшимча равишда пат олинади. Шунинг учун ветеринария-санитария ва гигиена талабларини ҳаммасини инкубацияга, жўжаларни ўстириш, катта ёшдаги паррандаларни парвариш қилиш, бройлер жўжа гўштини етиштиришга қаратиш лозим. Паррандаларни эркин ҳолда ва катакларда сақлашни ўзига хос афзалликлари ҳамда камчиликлари бор. Эркин ҳолда сақланганда бемалол ҳаракат қилади, тоза ҳаво ва қуёш нуридан фойдаланади, модда алмашиш яхшиланиб, касалликларга чидамлилиги ортади, аммо ҳамма қилинадиган ишлар қўл кучи билан бажарилади. Катакларда сақланса ҳамма технологик жараёнлар механизациялаштирилиб меҳнат енгиллашади,  маҳсулот таннархи арзонлашади. Лекин бир бош парранда учун ажратилган жой майдони кенгаяди, яъни 1 м2  жойга эркин ҳолида боқилса 5 - 6 бош жойлаштирилади.

             Ҳозирги вақтда паррандахоналар куришда ТЛМ 4 - 83 талабига жавоб берадиган янги лойиҳалардан фойдаланилмокда. Парранда фермалари ва фабрикалари қуришда жойни тўғри танлаш, биноларни жойлаштириш, бош сонини кўпайтириш, маҳсулдорлигини ошириш,  соғлом парранда етказиш асосий вазифадир. Паррандахоналар ўртасида йўлак қўйилиб иккига бўлинади. Ҳар томони ҳам яна бир нечта секцияларга бўлиниб, алоҳида эшиклар қўйилади. Ферма атрофи 2 метр баландликда девор ўралиб, ягона кириш чиқиш йўли қилинади. Товуқхонанинг жанубий томонидан яйратиш майдони қилиниб, қўноқлар ўрнатилади. Қўноқлар ҳар 250-500 бош товуқ, 100 ўрдак, 60 ғоз ва 150 кўркага битта ўрнатилади. Паррандахоналарнинг поли ер, цемент, асфальтдан бўлиши мумкин. Товуқхона ичида катаклар, охур, суғориш идиши (автосуғоргич), кул солинган яшикчалар ўрнатилади, Кул солинган яшикчалар ўлчами 1,2 х 1,2 м ва баландлиги 18 - 20 см бўлади. Паррандахоналарда  1 мжойга 1 кунлик жўжалардан 25 бош, 2 ойлигида 16 бош, 2-3 ойлигида 12 бош, 5 - 6 ойлигида 9 бош, катта товуқлардан 4 - 5 бош жойлаштирилади.

             Парранда фабрикаларини қуришда айниқса ўсаётган жўжалар учун ажратилган бинолар шамол эсиш томонига қаратиб қурилади. Ветеринария жиҳозлари, санитария сўйиш ва ўтил қилиш цехлари шамол йўналишига қараб қурилади. Паррандачилик фермалари ҳар хил юқумли касалликлар тарқалмаслиги учун алоҳида секторларга бўлинади: Бунда тухум туғадиган товуқлар, инкубация, сўйиш, патлаш, хўжалик – бошқарув бўлимларига  бўлинади. Бу бинолар бир биридан алоҳида ажратилиб, махсус эшиклар орқали кирилади. Ҳар бир бўлимга кириш жойида санитария ижозат хонаси, дезобаьрер, дезомат ва бошқалар қурилиши керак.

    Товуқларни озиқлантириш, боқиш, гўшт ва тухум етказишда гигиена талаблари - Паррандаларни озиқлантиришда озуқа рационининг туйимлилиги талаб даражасида бўлиши ва рациондаги ҳазмланувчи протеин, аминакислоталар, минерал моддалар ва витаминлар организмнинг талабини қондириши керак. Озуқа рационининг туйимлилие даражаси, микроиқлим кўрсатгичларини  меъёр даражасида бўлиши турли юқумсиз,  юқумли ва паразитар касаалликларни олдини олиш ҳамда организм чидамлилигини оширишнинг асосий омилларидан ҳисобланади.

    Жўжаларни 60 кунлигигача кунига 4 - 5 марта  озиқлантирилиб, озиқа  доимо охурдан узилмаслиги керак. Паррандачилик хўжаликлари учун махсус омухта ем тайёрланиб, унинг таркибида кальций, фосфор, натрий, аминокислоталар, витаминлар ва макро - микроэлементлар бўлади.

    Паррандаларга бериладиган озуқаларни сифати паст, санитария- гигиена талабларига жавоб бермаса паррандаларнинг маҳсулдорлиги пасаяди ва турли юқумли касалликларга чалинади. Жумладан аспергиллёз, кандидомикоз; авитаминоз, минерал ва оқсил алмашинишини бузилиши касалликларини келтириб чикаради. Паррандаларда витамин етишиш - етишмаслигини аниқлаш  учун улардан намуна суйилиб, жигарида витамин А ни бор йўқлигини қаралади. Масалан, бир кунлик жўжа жигарида  15 - 20 мкг, 10 кунлигида 25 - 30, 1 ойлигида - 40; 2 - 4 ойлигида 80 - 100 ва катталарида 300-350 мкг каротин бўлади.

    Йирик хўжаликларда бройлер жўжаларининг бош сони 3 млн. гача етади. Бундай хўжаликларда йил давомида жўжалар 56 - 63 кун боқилиб тирик вазни 1,5 кг га етказиб суйилади. Бунда жўжаларни бош сонини сақлаб қолиш - 97% бўлиб, 1 кг тирик вазнга 2,5 - 3 кг омухта ем сарф бўлади. «Бройлер-20» паррандахоналарида асосий иш механизациялашган. Бунда жўжалар тўрт  хафталик ёшигача +18 - 200С да сақланиб, нисбий намлик 60-70%, ҳаво ҳаракати 0,5 - 1м/сек, СО2 гази 0,15 – 0,20%, аммиак 0,01-0,015 мг/л дан ошмаслиги керак. Улар учун алоҳида ёритиш тизими бўлиб, 20 кунлигигача 24 соат, 21 - 40 кунлигида 24 - 17 соат ва 41 - 70  кунлигида 17 соат давомида ёритилиб турилади. 1 м2 жойга бройлер жўжалари 14 - 15 бош жойлаштирилади.

    Жўжалар гўшт учун катакларда ҳам ўстирилади. Умуман ветернария-санитария гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш керак, Озуқаларнинг сифати, тўйимлилиги, рацион таркиби, микроиқлим кўрсатгичлари, сифатли сув билан таъминлаш ва бошқалар назорат қилиниши зарур.

    Йирик ферма ва фабрикаларда товуқлар катакларда сақланган жўжалар эркин юрганга қараганда тез етилади, ҳатто 15 кун олдин тулайди. 1 - 60 кунлик жўжалар учун КБЭ-1 катакли батареялар ишлатилиб, унинг узунлиги 31 м, эни 9 м бўлади. Унда  электр иситиш батареяси, суғориш системаси, озиқлантириш, тозалаш каби ишлар механизациялашган бўлади. Кейинги ёшдагилар КБМ-2, КБМ-2А, КБМ-25 батареяларида сақланиб улар узунлиги ва кўп қаватлиги билан фарқ қилади. Катта ёшдаги товуқлар алоҳида ёки  гуруҳ ҳолида катакларда сақланади.  Кўпинча катаклар ёни ва поли панжарали ёки турдан қилинади. Полни олдинги томони пастрок қия қилинади, яъни тухумни намлаб келиши учун энг кўп тарқалган, тухум туғадиган товуқлар КБМ-1 маркали 4 қаватли катакли батареяларда сақланиб, озуқа тарқатиш, тагини тозалаш, тухум териш каби ишлар бирданига бир ҳаракат билан бажарилади. Ихтисослашган фабрикалар 100-250 минг бош туғадиган товуққа мулжалланиб қурилади. Жўжалар сақланадиган биноларда нисбий намлик 65-70 %, кейинчалик 55-60% бўлиши ва ёритишни 17 соатгача етказиш керак. Узоқ ёритиш жўжаларни тухумга киришини тезлаштиради, аммо ўсишни секинлатиб, тухумни пучоғи ҳам қаттиқ бўлмайди. Туғадиган товуқлар учун ҳаво ҳарорати +16- 180С, нисбий намлик 60-70 % бўлиши керак.



    Инкубация ва жўжаларни ўстириш гигиенаси – Паррандачилик  хўжаликларида бир кунлик жўжа олиш учун инкубация кенг қўлланилади. Айниқса «Универсал» инкубатори кенг қулланилиб, унда тухумларни жойлаштириш, ҳаво алмашиш, ҳарорат, намлик меъёри автоматик бошқарилади. «Универсал»-45 ва «Универсал»-50 инкубаторлари 45 ёки 50 минг тухумга мулжалланиб 3 та инкубация, 1 та чиқиш шкафи, эшиги ва унда қараб турадиган ойнаси бўлади. Тухум жойлаштириладиган лотокларни биттасига 120 та товуқ тухуми, 90 та ўрдак, 50 та ғоз ёки кўрка тухуми сиғади. Тухум солинган лоток махсус барабан устига ўрнатилган бўлиб ҳар 2 соатда автоматик равишда 90 0 га бурилади. Инкубация яшигида биринчи жўжалар чиқиши бошланиши билан тухумлар жўжа чиқадиган яшигига ўтказилади.

    «Рекорд – 39» ва «Рекорд – 42» инкубаторлари 39, 42 минг тухумга мулжалланиб, шахсий  ва фермер хўжаликлар шароитига мослаштирилади. Технологик лойиҳага асосан қурилган инкубация биносининг ўлчами 54х18 м бўлиб, водапровод, канализация, иситиш ва вентиляция ҳисобга олинган. Инкубация биноси таркибига  инкубация, жўжа чиқиш зали, тухум қабул қилиш, сақлаш, саралаш омбори, дезокамера, ювиш, бир кунлик жўжани сақлаш ва саралаш хонаси ҳамда қўшимча бинолар бўлади.

    Инкубацияга қўйиладиган тухумлар сараланиб, юқори баҳоланиши керак. Эмбрион ўса бошлагандан бошлаб овоскоп ёрдамида доимо кўзатилиб борилади. Сараланган тухум тўғри шаклда, силлиқ, тоза, пустлоғи мустаҳкам  бўлиши керак. Инкубацияга қўйиладиган тухумнинг оғирлиги қуйидагича бўлиши шарт: товуқ тухуми 56-58 г, ўрдак 70-90 г, ғоз 120-180 г, кўрка 70-90 г, цескарканики 35-45 г бўлиши ва юқори томондаги ҳаво бушлиғи 1,8-2 см дан ошмаслиги керак.

    Ҳар хил паррандалар бир вақтда тухум туғмайди яъни товуқ, кўрка, цессарка эрталаб ва кундузи, ўрдак тонг азонда туғади. Тухумлар тезда териб олиниб вақтинчалик ҳарорати +80 - 120С, нисбий намлиги 70 %  бўлган сақлаш хонасида сақланади.

    Тухумдан жўжа чиқиш муддати турличадир яъни товуқ тухумидан - 21, ўрдак ва кўрка 27, ғоз тухумидан - 30 кунда жўжа чиқади. Жўжа тухумдан чиқишидан 1-2 кун олдин тухумлар чиқиш латогига ўтказилади. Эмбрионни кўзатганда биринчи кундан бошлаб қон томирларининг ўсиши, овоскопда аллантоис, қон томирлари ва учинчи кўзатишда эса эмбрионни ўсиши яққол кўринади.  Агар кўзатишда қон томирларини ўсиши кузатилмаса ёки йўқ бўлса, бундай тухумлар олиб ташланади.

    Инкубациядаги тухумлар 11-13 % гача оғирлигини йўқотади яъни намлиги кетади. Шунинг учун инкубация шкафида ҳарорат +37,4-37,50С, нисбий намликни 55%, нам термометрни кўрсаткичини 290С да сақлаш мумкин. Жўжа чиқиш залида ҳарорат +36,5-37,50С, нисбий намлик 55% аммо жўжа чиқиш вақтида нисбий намлик 80 % гача кўтарилади. Инкубация жараёнида ҳарорат пасайса эмбрионни ўсиши секинлашади, ҳаво алмашиши ёмон бўлса кислород 15% гача камаяди, карбонат ангридрид гази 1 % гача ортади. Натижада эмбрион нобуд бўлади. Ҳавонинг ҳаракат тезлиги 2 м/сек ёки соатига 15 марта алмашиши керак.

    Тухумдан чиққан жўжалар усти қуриганча инкубаторияда сақланади. Кейин 3 гуруҳга - соғлом, нимжон ва майибларга сараланади. Наслчилик хўжаликларида махсус машиналарда жўжаларни бурун тешигининг 1/3  қисми пастидан кесилади ва ҳўрозчаларни тирноқлари қирқилади.

    Соғлом жўжалар 60 х 60 см кенгликдаги ва 18 см баландликдаги махсус яшикларга солинади. Яшик 4 бўлимга ажратилган бўлиб, ҳар бўлимга 25 бош товуқ, 15 ўрдак, 10 бош ғоз ёки кўрка жўжаси жойлаштирилиб керакли жойларга жунатилади. Жўжалар 1 - 60 кунлигигача 10-20 минг бошдан полда ёки катакларда сақланади. Йирик жўжахоналар  технологик лойиҳа асосида қурилиб узунлиги 72-92 м, кенглиги 12-18 м бўлади. Жўжаларни ҳаётини биринчи 5 кунлигида жўжахонада ҳарорат +340-350С, кейинчалик аста секин пасайтирилиб 40-60 кунлигида +22-200С бўлади. Жўжалар келтирилишидан олдин яхшилаб  таъмирланади, тозаланади ва дезинфекция қилинади. 2 ойликкача бўлган жўжалар қалин тўшама ва полда 20 минг бошдан сақланади. Бунда товуқхона 2 бўлимга бўлиниб, иситиш қурилмалари қўйилади ва 1 м2 жойга бир ойликдан 26 та, 1-2 ойлигидан               16 та, 61-150 кунлигидан 9 ва 151-190 кунлигидан 5-6 бош жойлаштирилади.

    Курка, ўрдак ва ғозларни сақлашда гигиена талаблари - Куркалар асосан гўшт учун боқилиб, тўғри ташкиллаштирилса 1 кг ўсишга 3,5-4,5 оз. бирлиги сарфланади ва 120-150 кунлигида 5-6 кг га етиши мумкин. Она кўркалар кенг ҳажмли алоҳида бўлимларга бўлинган биноларда ва алмаштирилмайдиган тўшамада сақланади. Ҳар бир бўлимга 2 - 2,5 м2 ҳисобидан 500 бошгача кўрка жойлаштирилади. Улар асосан  қуруқ озуқа билан боқилиб, озиқланиш охури 8 см ва суғориш охури 4 см қилинади.

    Инкубациядан чиққан кўрка жўжалари сараланади ва 8-10 минг бошдан батарея цехларидаги катакларга ўтказилиб, 20 - 30 кунлигигача боқилади. У ердан аклиматизаторга (мослашадиган цех) ўтказилиб 60 кунлигигача сақланади. Кейин йўналишига қараб бошқа биноларга ўтказилади.

    Бир кунлик жўжа КБЭ-1 батареяли катакда боқилади. Ҳар бир катакга 12 бошдан жойлаштирилади. Полда сақланса уларнинг 1 м2 пол юзасига 1 - 2 ойлигида 8 бош, 2-3 ойлигида 5 бош, 3-5 ойлигида - 3 бошдан  жойлаштирилади. Бино ичида уларни ўтириши учун қўноқлар қилинади. Қўноқларни узунлиги ҳар бир кўрка ҳисобига 35 - 40 см бўлиши ва қўноқ ёғочлари оралиғи 50 см, полдан баландлиги ҳам 50 см бўлиши керак. Кўркалар учун бино ҳарорати +220 - 210С ва нисбий намлик 60-62% бўлиши лозим. Уларни доимо тўйимли озуқалар билан таъминлаш зарур, айниқса ёш кўркаларга доимо кўк озуқалар, ўстирилган дон, кўк пиёз ва бошқа озиқага муҳтож бўлади.

    Ўрдаклар-сувда ва сувсиз шароитда боқилиб, гўшт ва тухум етказиб беради. Гўшт йуналишидаги ўрдаклар фермаларда ўстирилиб, 50-55 кунлигида оғирлиги 2,2-2,5 кг га етади. Инкубация тухумлари учун она ўрдаклар полда, қалин тўшамада сақланиб, доимо яйратиш майдонига чиқиб юради. Ўрдакхона бўлимларга бўлиниб, ҳар бўлимда 25-75 бош сақланади ва туғиш учун 50х30 см кенглик ва 20 см баландликдаги яшикчалар ўрнатилади. Ўрдаклар 1 м2 пол юзасига 2 - 3 бошдан жойлаштирилиб, ўрдакхона  ҳарорати  +140С, нисбий намлик 70-80 % бўлиши ва ёруғлик 15-16 соат берилиши зарур.

    Ихтисослашган хўжаликларда ўрдак жўжалари катакли батареяларда 10 кунлигигача 30 бошдан сақланади. Бу вақтда ҳарорат +280 -300С ва нисбий намлик 65-70% бўлиши лозим. Ўрдак жўжалари 30 кунлигидан бўрдоқига боқилиб, 55 - 60 кунлигида тирик вазни 2,1-2,3 кг етади. Маҳаллий озуқалар билан боқилиб сувда сақланадиган ўрдаклар 2 - 3 ҳафталигидан кейин сувга қўйилади. Ҳавзада сувнинг ҳарорати +140С бўлиши ва 1 га сув ҳавзасига 200 бошгача ўрдак қўйилади. Сувда боқилганда 30% гача озуқа кам сарфланади.



    Ғозлар-яхши сифатли гўшт бериб, унинг жигаридан тайёрланган консерва дунё миқёсида диетик озуқа ҳисобланади. Она ғозлар механизациялашган ғозхонада қалин тўшамада сақланади. Ғозлар 1 м2 пол юзасига 1,5 бош ҳисобидан, ҳар бир бўлимга 25 бошдан жойлаштирилади. Бино ёнига яйратиш майдони қурилиб иккига бўлинади, яъни бирида озиқланади, иккинчисида дам олади. Улар яйлов озуқаларида ҳам боқилиши мумкин (2 кг гача ўт исътемол қилади). Гўшт учун жадал усулда боқилса 60 - 75 кунлигида тирик вазни 4-5 кг га етади. Бинонинг полига оҳак сепилиб (1 кг/м2), устидан қум ва унинг устидан тўшама солинади. Ғозларнинг ёшига қараб ҳавонинг ҳарорати 5 кунлигигача +250 - 260С, 6-15 кунлигида +230 - 240С, 16-30 кунлигида +180 - 220С бўлиши керак.

    Ёзнинг иссиқ пайтлари бостирма тагига ўтказилиб 5 - 6 бошга 1 м2  жой ажратилади ва ҳар бўлимда 800 - 1000 бошгача сақланади. Ҳавонинг совуқ вақтларида ёпиқ биноларда 150 - 175 бошдан гуруҳ ҳолида сақланиб, ҳарорат +140С бўлиши лозим. Ғозлар учун ёруғлик куни 15-17 соат, сунъий ёруғлик эса 10 вт/м2 бўлиши керак.

    Назорат саволлари:

    1. Товуқларни сақлаш усулларини айтинг.

    2. Товуқхонадаги микроиқлим кўрсатгичларини айтинг.

    3. Тухумдан жўжа чиқиш муддатини айтинг.

    4. Тухумни инкубация қилишни тушинтиринг.

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

    Мавзу: ҚУЁН ВА МЎЙНАЛИ ҲАЙВОНЛАР ГИГИЕНАСИ

    1   2   3   4   5   6

    Коьрта
    Контакты

        Главная страница


    Ўзбекистон республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги